Мен ҳам ўқишдаги уйга вазифаларни охирги ҳафтага тақаб, кейин “югуриш”ни бошладим. Энг охирги куни бир курсдошим билан умумий хатоларини текшириш учун бир кафега келдик. Биз келган кафенинг плюс томони нархлар арзон, ҳамма ўз-ўзига хизмат кўрсатади (официант “bir şey istiyor musunuz” деб безовта қилмайди), иссиқ (Анқаранинг совуғини шу кунларда ҳис қиляпман) ва чексиз WiFi. Бу ерда оқшом 10⁰⁰ гача дарс тайёрладик. Кафе ҳар куни оқшом 12⁰⁰гача ишлар эди. Аммо негадир ўша куни соат 10⁰⁰да ёпилишини айтди. Дарсимиз ҳали тугамаган, нима қилишни билмай ноилож у ердан чиқдик. Ташқарида камида -8, совуууққ. Пиёда Кизилайдаги бирор кафега боришга қарор қилдик. Ҳар доим борадиган бир кафега кириб, нечида ёпилишини сўрадик. 11⁰⁰гача ишлашини айтди. Мажбур ўтирдик. Кафеда биздан бошқа ҳеч ким йўқ. Фақат бир стол нарида бир одам чой ичиб ўтирибди. Официант меню олиб келди (худди биз кўп нарса оладигандай). Биз ҳам “танлаб-танлаб” чой олишга қарор қилдик. Кейин компютерни очиб, вазифани давом эттирдик. Вақт дарров 11⁰⁰ бўлди. Кассадаги одам: “ - Кафени ёпамиз, тўлов қилинг”, – деди. Вазифамиз битмаган, ноилож тўлов қилдик. Кейин яна 5-10 дақиқа ўтириб дарс қилишга рухсат сўрадик. Ёнимиздаги столда ўтирган одам бизни кузатиб ўтирган экан. Келиб, “Мен кафенинг эгасиман, майли сиз хоҳлаганингизча дарс қилинг, мен ҳам талаба бўлганман, қоровул амаки шу ерда бўлади”, – деди. Ёнимизда қоровул амаки ҳам бор эди. Бошлиқ гапини “тўғрилади”: “Аслида қоровул эмас, бу ернинг эгаси шу киши” - деб қоровул амакининг елкасига қоқиб қўйди. Биз раҳмат айтиб, ишимизда давом этдик. Қоровул амаки бизни чой билан меҳмон қилди (бошлиқ кетишида тайинлаб кетди чоғи). Хуллас 12⁰⁰га етмасдан вазифани тугатиб, раҳмат айтиб чиқиб кетдик. Бу кимлар учун оддий ҳолатдир. Аммо биз учун катта ёрдам бўлди. Айнан биз учун кафе 1 соат ёпилмасдан турди. Кафе эгасига қилган яхшилиги учун Аллоҳ ажрини берсин. Шундай саҳоватли бойларни кўпайтирсин.
Тайёрлаган уйга вазифамдан 100 баллдан 90 балл олдим.

 

Музаффар Ҳабибуллаев