Самарқанд давлат университети Жанубий Кореянинг Ҳанкёнг миллий университети билан ҳамкорликда халқаро лойиҳани амалга оширади…
Самарқанд давлат университетига Жанубий Кореянинг Ҳанкёнг миллий университети ректори Вонҳи Ли бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Мартабали меҳмонлар дастлаб, Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар номидаги лаборатория, археология музейи, оранжерия фаолиятини кўздан кечирди.
Делегация аъзолари билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.
Мулоқотда томонлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, жумладан Самарқанд давлат университетида мева-сабзавотчилик ва узумчилик илмини ривожлантириш орқали ақлли боғдорчилик соҳасида халқаро лойиҳа атрофлича муҳокама қилинди.
Халқаро лойиҳанинг муддати 2024-2031 йилларга мўлжалланган. Корея таълим вазирлиги томонидан молиялаштирилади.
Учрашув давомида Ҳанкёнг ва Самарқанд давлат университетининг мева-сабзавотчилик ва узумчилик ҳамда боғдорчилик соҳасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш маркази ташкил этилди. Ушбу марказ бир вақтнинг ўзида аграр соҳадаги кадрлар тайёрлаш, маслаҳат хонаси ва илмий мактаб вазифасини бажаради.
Мулоқот сўнгида ҳамкорлик меморандуми ва лойиҳани бажариш бўйича келишув шартномаси имзоланди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.