“Таълим-тарбия – бу бизнинг келажагимиз, ҳаёт-мамот масаласи. Шу боис, бу соҳадаги ислоҳотларни кечиктиришга ҳаққимиз йўқ.

    Қанчалик мураккаб бўлмасин, мактаб таълимида пойдеворни бугундан мустаҳкам қўйишимиз керак. Чунки биз кўп вақт йўқотганмиз.

    Агар кимда-ким мактаб бу фақат Халқ таълими вазирлигининг иши, деб ўйласа, мутлақо янглишади.

Мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар вазирлик ва идоралар, тармоқ раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар, илмий ташкилотлар, зиёлилар, кенг жамоатчиликнинг вазифаси бўлиши шарт ва зарур. Шундагина кутилган натижага эришиш мумкин", - деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.

    Давлатимиз раҳбари мактаб таълими тизимидаги камчилик ва муаммоларни санаб ўтди.

    Бугунги кунда республика бўйича 1 минг 695 та мактаб мукаммал таъмирга муҳтожлиги, ҳанузгача 179 та пахсадан қурилган мактаб мавжудлиги, 3 мингдан зиёд мактаб учун қўшимча ўқув бинолари зарурлиги танқид қилинди. Бундан ташқари:

- янги массивлар барпо этилиши, қишлоқ инфратузилмаси кенгайиши ва аҳоли ўсиши натижасида яна 270 та мактаб қуришга эҳтиёж бор;

- ҳозирда 2,3 мингта мактабнинг спорт зали мавжуд эмас;

- таълим сифати паст бўлган 84 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўтган йили олийгоҳга кирмаган;

- мактаб кутубхоналаридаги китоб фонди йиллар давомида янгиланмаган;

-  миллий мусиқа анжомлари атиги 615 та мактабда мавжуд.

    Шунингдек,

- туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилади;

- келгуси беш йилда 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилади. Ушбу мақсадлар учун жорий йилнинг ўзида 527 та мактабни қуриш ва реконструкция қилишга 2,5 триллион сўм ажратилди. Бу маблағ янада кўпайтирилади;

- Юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш тизими яратилади. Уларнинг иш ҳақи ҳам сезиларли даражада оширилади;

- Бундай педагогларни фаолиятини кенг қўллаб-қувватлаш учун Халқ таълими вазирининг жамғармаси ташкил этилади ва унга дастлаб бюджетдан 300 миллиард сўм ажратилиши белгиланди;

- Йиғилишда олий маълумотли педагог кадрларни олийгоҳларда тайёрлаш тизими ҳам тубдан такомиллаштирилиши таъкидланди. Бунинг учун Тошкент шаҳридаги 5 та ҳамда ҳудудлардаги 17 та педагог кадрлар тайёрлайдиган олийгоҳларнинг факультетлари доимий тарзда мактабларга бириктирилади. Бунда, 1-курсданоқ ушбу факультетлардаги дарсларнинг 4 куни олийгоҳда, 2 куни бевосита мактабларда ўқитилади;

- Жорий йилда дарсликларни янгилашга ўтган йилга нисбатан 4 баробар кўп -  605 миллиард сўм ажратилмоқда. Ушбу маблағлардан самарали фойдаланиб, жорий йилда 4 та синфнинг фан дарсликлари ҳамда барча синфларда инглиз, рус, немис тиллари ҳамда IT фанлари бўйича ўқув дарсликларини тўлиқ янгилашни таъминлаш топшириғи берилди.

    Давлатимиз раҳбари мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар, бугун муҳокама қилинган вазифалар катта масъулият талаб этадиган мураккаб жараён эканини таъкидлади.

    Бу борада стратегик йўналишларни тўғри белгилаб олиш ўта муҳим вазифа ҳисобланади.

    Шу боис мутасаддиларга Жаҳон банки, ЮНИСЕФ, Осиё тараққиёт банки каби нуфузли ташкилотлар ва молия институтлари билан бирга ишлаб, аниқ ҳисоб-китобларни қилган ҳолда йил якунига қадар Мактаб таълимини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди. Шу асосда Мактаб таълимини ривожлантириш дастури қабул қилинади.

    Берилган топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш учун алоҳида штаб тузилиши, унга барча вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари, тажрибали ва нуфузли педагоглар, фан ва жамоат арбоблари киритилиши белгиланди.