ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб антропоген омилларнинг табиий муҳитга таъсири анча ошиб кетди. Бунинг натижасида турли хил маҳаллий, минтақавий ва умумсайёравий экологик муаммолар юзага кела бошлади. Бу эса минтақаларда яшаётган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг ўзгаришига, айрим турларнинг ер юзидан умуман йўқ бўлиб кетишига сабабчи бўлмоқда. Шундай экан, ҳудудлардаги ўсимликлар, уларга таъсир кўрсатаётган экологик омилларни чуқурроқ ўрганишни бугунги замоннинг ўзи тақозо этиб турибди.

    Ўрта Зарафшон сув экотизимларининг экологик ҳолати ва уларда бўлаётган ўзгариш жараёнлари, хусусан, сув омборлари, дарёлар, каналлар ва балиқчилик хўжаликларида яшаётган гидробионтларнинг тур таркибига таʼсир этиши кузатилмоқда. Шу ўринда, Ўрта Зарафшон сув экотизимлари гидробионтлари фаунаси ва экологиясини ўрганиш, муҳофаза чораларини ишлаб чиқиш муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

    Шу масалалардан келиб чиққан ҳолда, тадқиқотимнинг асосий мақсади Ўрта Зарафшон сув экотизимлари гидробионтлари фаунаси ва экологиясини комплекс ўрганишдан иборат. Бундан ташқари гидробионтлар таркибидаги паразит ҳамда фойдали турларни чуқур тадқиқ этиш, ноёб, йўқолиб бораётган тур ареалларини аниқлаш, муҳофазалаш чораларини ишлаб чиқиш, истиқболли, иқтисодий аҳамиятга эга бўлган турлар популятсияларини миқдор ва ҳудуд жиҳатдан кўпайтириш йўлларини тадқиқ этишни ҳам мақсад қилганмиз.

    Зарафшон дарёсининг турли сув типларида гидробионтларнинг систематик таркиби, уларнинг биоэкологик хусусиятлари, биотоплараро тарқалиши, экологияси ва бошқа муҳим томонларини тўлиқ ўрганилмаганлигини эътиборга олган ҳолда ўз тадқиқотларимни 2017 йилдан бошладим.

    Барча тадқиқотларимиз учун илмий материаллар 2017 - 2022 йилларнинг баҳор, ёз ва куз фаслларида Зарафшон дарёси соҳилининг қуйидаги сув типларидан: сув омборлари - Каттақўрғон, Тўсинсой, Қоратепа, Қорасув ва Оқдарё сув омборлари; дарёлардан - Зарафшон, Оқдарё ва Қорадарё; каналлардан - Булурғур, Дарғом, Нарпай, Сиёб, Эскианхон ва Туятортар каналлари ва бир қанча балиқчилик хўжаликларида тарқалган гидробионт организмлар турлар таркиби ва экологияси бўйича ўрганилди.

    Ушбу ўрганилган тадқиқот материаллари натижасида ҳозирги кунга қадар 3 та миллий, 3 та хорижий журналларда ва 13 тадан ортиқ турли конферетсияларда, хусусан Scopus базасида рўйхатга олинган 2 журналда мақолалар нашр эттирдик.

    Ҳудуддаги гидробионт ҳайвонлар бошқа орагнизмлар сингари ўзининг табиатдаги аҳамияти жиҳатидан табиий экологик барқарорликни сақлашда муҳим ўрин тутади.

    Зулуклар – Аннелида типига мансуб. Улар Ҳирудинеа синфини ташкил қилувчи 900 дан ортиқ турларни ўз ичига оладиган умуртқасиз ҳайвонлардир. Ҳозирги кунда чучук сув ҳавзаларида тарқалган зулук турларининг сони 500 га яқинни ташкил этади.

    Жумладан, Зулукларнинг аксарияти эктопаразитлар бўлса, қолган қисми табиий экотизимда “йиртқич-ўлжа” кўринишида биотик муносабатларда қатнашади. Эктопаразит зулуклар умуртқалилар (сутемизувчи, қуш, тошбақа, амфибия, балиқ) ва умуртқасизлар (моллюска, олигохет)нинг қони (гемолимфаси) билан озиқланади. Йиртқич зулук турлари, асосан, сув экотизимидаги ҳашаротлар личинкаси, кичик қориноёқли моллюскалари ва кам тукли чувалчанглар билан озиқланади.

    Зулукларнинг биоиндикатор хусусиятларидан фойдаланиб, сув ҳавзаларининг органик ифлосланишини баҳолаш мумкин. Бу ўз навбатида, ҳозирги кунда долзарб бўлиб келаётган – сувнинг ифлосланиши муаммосини олдини олиш, салбий оқибатларини юмшатишда қўлланиладиган усулларни ишлаб чиқишга ёрдам берувчи биологик восита эканлиги билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари чорва ҳайвонларининг оғиз-бурун бўшлиғида паразитлик қилувчи зулук популятсияларининг биотоплари, ҳаёт цикли, улардан ҳимояланишга қаратилган тавсиялар асосида иқтисодий самарани турғунлаштиришда қўллаш мумкинлиги жаҳон миқёсидаги олиб борилаёган тадқиқотларга мослигидан далолат беради.

    Қисқичбақаларни Ўрта Зарафшон ҳудудида фақат битта тури Понтастаcус лептодаcтйлус кенг тарқалган бўлиб, асосий энг катта биомассаси Каттақўрғон сув омборида тарқалган. Танаси ўртача 11,4-12,3 см узунликда бўлади. Сув омбори биотопларида тарқалган қисқичбақалар кундуз кунлари инларида яшириниб, тунда эса фаол ҳаракат қилади ва овқат излайди. Улар ҳар хил озиқланадилар, кўпинча ўлимтикларни, майда балиқларни, шунингдек таркибида оҳак моддаси кўп бўлган ўсимликлар билан озиқланади. Танаси хитиндан иборат кутикула билан қопланган.

    Қисқичбақалар йиртқич ҳайвон бўлиб, сув ҳавзаларида хусусан балиқчилик хўжаликларида касалланган балиқлар билан озиқланиб, касаллик тарқалишини олдини олиши, табиий санитарлар вазифасини бажариб, балиқчилик хўжаликларида иқтисодий самарадорлиги билан алоҳида аҳамият касб этади.

    Ҳудудда яшайдиган иккипаллали моллюскалар дарёлар, каналлар, ҳовузлар ва балиқчилик хўжалиги ва сув омборларининг 2 – 2, 5 м чуқурлигида, кўпинча 0, 5 – 1, 5 м, яъни яхши исийдиган (қуёш нури тушадиган) қисмларида яшайди. Улар қандай сув муҳитида ҳаёт кечиришига қараб қуйидаги Реофил-оқар сувларда, Пелореофил-ботқоқда, Кренофил- чашма булоқларида ва пелолимнофиллар-сув ости балчиқларида яшайдиган экологик гуруҳларга бўлинади. Иккипаллали моллюскалар сув сифатини аниқлашда индикаторлик вазифасини ўтайди.

    Гидробионтларнинг мавжудлиги, тарқалишига биокимёвий ва геокимёвий жараёнлар катта таъсир кўрсатади. Ўрта Зарафон ҳудудидаги гидробионтлар, хусусан, моллюскаларнинг морфофизиологик хусусиятлари яхши ўрганилган бўлса-да, аммо унинг таркибидаги кимёвий элементлар миқдори ҳали ўрганилмаган.

    Гидробионт организмларнинг кимёвий элементларга бўлган эҳтиёжини аниқлашда уларнинг таркибини биокимёвий ва геокимёвий қисмларда ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки атроф-муҳитда элементларнинг камлиги ёки кўплиги билан нафақат организмларнинг ички муҳитида миқдорий ўзгаришлар, балки ташқи муҳитида ҳам ўзгаришларга олиб келиши мумкин. Шу сабабли, турли касалликлар организмда элементларнинг етишмаслиги ёки ортиқча бўлиши сабабли юзага келади. Сув сифатини биоиндикатсия қилишда муҳим ўрин тутадиган моллюскаларнинг ҳам таркибидаги элементлар миқдорини тадқиқ қилиш бугунги кунда муҳим илмий амалий аҳамиятга эга.

Султон Суяров,

СамДУ экология ва ҳаёт фаолияти хавфсизлиги кафедраси докторанти.

Илмий раҳбари – Ҳусниддин Боймуродов, биология фанлари доктори, профессор.