Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қартилаётгани диққатга сазовор. Хусусан, Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университетида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги илмий-тадқиқот институтининг очилгани бунинг ёрқин далидидир. Университетнинг биология факультетида ва мазкур институтда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) билан ҳамкорликда турли кўрик-танловлар ўтказиб келиняпти. Бу эса ёшларда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида инновасияларни қўллаш, илмий янгилик ва тадқиқотлар ўтказишга руҳлантираётгани айни ҳақиқат.   
    Қувонарлиси, “Озиқ-овқат хавфсизлиги: миллий ва глобал муаммолар» мавзудаги халқаро илмий-амалий анжуманнинг кўлами йил сайин кенгайиб бораверади. Зеро, Президентимиз ШҲТнинг Самарқанд саммитида ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили мамлакатимизда Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этди. Шу боис Самарқанд давлат университети мезбонлик қилаётган бу галги тадбирга ҳам қизиқиш тобора ортмоқда. Бу эса дунёнинг турли мамлакатларидан келган олимлар ўртасида илмий алоқаларни ўрнатишга, илмий ютуқларни муҳокама қилиш, амалиётга жорий этиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги кейинги изланишлар учун замонавий истиқболли йўналишларни ҳамкорликда белгилаб олишга хизмат қилади, албатта.

 

Худоёр Келдиёров,
Самарқанд давлат университети
Биология факультети декани, профессор.