Самарқанд давлат университети доценти, фалсафа фанлари доктори, «Шуҳрат» медали соҳибаси Маҳбуба Эргашева билан суҳбат

    – Илм-фан соҳасига кириб келишингизга асосий сабаб нима бўлган?
    – Мактаб даврларидан тарих ва ҳуқуқ фанларига жуда қизиқар эдим. Мазкур фанлардан фан олимпиадаларида қатнашардим. Университетда иккинчи курсда ўқиб юрганимда ҳам миллий истиқлол ғояси фанидан олимпиадада қатнашиб, республикада иккинчи ўринни қўлга киритганман. Шундан кейин менинг номзодим Навоий номидаги давлат стипендиясига тавсия этилиб, ушбу стипендия соҳиби бўлганман. Шу тариқа бакалавриатни битириб, магистратурага имтиёз асосида грантга қабул қилиндим.

    2017 йилда илмий раҳбарим Бахтиёр Тўраев раҳбарлигида «Авесто»даги заруштийлик таълимотининг онтологик-гносеологик томонларини тадқиқ этиб, PhD диссертациясини ҳимоя қилдим. 2021 йилда доцент илмий унвонига эга бўлдим. 2022 йилда “Таълим жараёнида синергентик қонуниятлар” мавзусида фан доктори даражасини олдим. Худди шу йили “Йил аёли” миллий танловининг республика босқичида фаол иштирок этиб, “Йилнинг энг жонкуяр устози” номинацияси бўйича ғолиб деб топилдим. 2010 йилдан бугунги кунгача 6 монография, 1 ўқув ва 1 услубий қўлланма, 80 га яқин илмий мақолалар муаллифиман. Шунингдек, 1 монографиямиз Германиянинг Ламберт нашриётида чоп этилган.

    – Нега айнан фалсафа соҳасини танлагансиз?

    – Фалсафа – фанлар отаси. Бу фан ўз ичига ҳамма соҳа ва тармоқларни қамраб олади. Умуман бизни ўраб турган олам, борлиқ, ундаги қонуниятлар ҳамма-ҳаммаси фалсафанинг объекти. Мени кўпроқ ўқитувчи бўлиш ҳаммасидан кўпроқ қизиқтирган. Шу кунгача бўлган фаолиятимда ҳам илмий унвон олиш, фан доктори бўлишдан ҳам кўра яхши ўқитувчи бўлишга кўпроқ ҳаракат қилдим. Фан докторлик мавзуим таълим мавзуси бўлгани учун соҳага оид муаммоларни кенгроқ ўрганиш, таълимга замонавий ёндашув каби масалаларни тадқиқ этиш, хорижий ўқитувчиларнинг ўқитиш жараёнлари билан танишиш мақсадида ўтган йили Президент мактабига ҳужжат топшириб кўрдим. Буни қарангки, суҳбатдан муваффақиятли ўтибман. Маълум муддат у ерда ҳам ишлаб, ҳам тадқиқот объекти сифатида дарс жараёнларини синовдан ўтказдим.

    – Ушбу тадқиқотларингиздан келиб чиқиб бугунги даврда таълим сифатини яхшилаш учун қандай тавсиялар бера оласиз?

    – Таълим сифатини оширишда қилиниши керак бўлган ислоҳотлар жуда кўп. Биринчи ўриндамактаб таълимини оладиган бўлсак, синфлардаги болалар сонини қисқартириш

керак. Афсуски, бугун давлат мактабларига қарасангиз бир синфда 40-50 бола ўқийди. 45 дақиқа вақт уларга умуман етмайди. Тўғри, эҳтиёж кўп, ўқитувчи кам, синфхоналар етмайди. Лекин бу масалани ҳам ўйлаб кўриш керак.

    Иккинчидан, олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ўқув юкламаларини камайтириш керак. Университет ўқитувчисида илмий иш учун етарлича вақт бўлиши керак.

    Учинчидан, университетдаги таълим сифатига профессор-ўқитувчилар қанчалик масъул бўлса, талабалар ҳам шунчалик масъул бўлиши керак. Университет ким ўқишга кирса ҳам уни олий маълумотли қилиб берадиган даргоҳ эмас. Ҳақиқатдан лойиқ талабаларгина баҳосини олиши керак. Ўқишга кирди дегани диплом олди дегани ҳам эмас. Афсуски, ҳозирги талабаларда ўқишга кирдим, бўлди энди қандай бўлса ҳам диплом оламан, деган фикр шаклланиб қолган. Хорижий давлатлар ОТМ ларига қаранг: ўқишга кирган талабаларнинг ҳаммаси ҳам битира олмайди. Фақат лойиқларгина олий маълумот эгаси бўладилар.

    Яна бир таклифим битирувчи курс талабаларидан битирув имтиҳонларини таълим соҳаси вакили эмас, балки ўша соҳада фаолият юритаётган мутахассис олиши керак.

    – Аёл ҳаётида оила ва касбнинг ўрни... Кўпчилик аёллар учун бу борада ҳамиша биттасини танлаш шарти қўйилади. Бу бўйича фикрларингиз қандай?

    – Жуда кўп талабалар менга шу мурожаат билан келади. Бу жараёнда кўп жиҳатлар аёлнинг ўзига боғлиқ. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, ёшлигимда биров келиб сен ҳали фан доктори бўласан деса, умуман ишонмаган бўлардим. Мактабни битириб педагогика коллежида ўқидим. Коллеждан кейин онам ёлғиз ўзи мени ўқитишга қурби етмаслигини айтиб, “Энди тинчгина бирор ердан иш топ, сени турмушга берамиз” дедилар. Аммо университетда ўқиш орзуим эди. Бир марта бўлса ҳам орзуим учун ҳаракат қилиб кўрмоқчи бўлиб, уйдагиларга айтмасдан ўқишга ҳужжат топширганман. Ҳеч кимга билдирмай тайёрланиб, имтиҳонга ҳам ҳеч кимга айтмасдан борганман. Вақт ўтиб натижалар эълон қилинганда, қарасам, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинибман. Шундан кейин қўрқа-писа онамга бўлиб ўтганларни айтиб бердим. Ўша пайти катта акам ҳам талаба эди. Онам икки кишини ўқита олмаслигини, шартнома пули тугул йўлкира харажатларини тўлашга шароит йўқлигини айтган. Кейин акам ўртага тушиб, синглимнинг ўқишига ўзим ёрдам бераман деди. Шу тариқа ўқийдиган бўлдим. Ўқишга кирганимдан кейин қандай қилиб бўлса ҳам, контрактимга ёрдам бўладиган йўлларни ахтара бошладим. Яхши ўқиб, «5» лик стипендия олишга ҳаракат қилдим. Яхши ўқиганим учун кейинчалик номзодим Навоий стипендиясига тавсия этилди. Шу тариқа қийинчиликларни енгиб ўта олдим.

    Мен бакалавриатда иккинчи курсда ўқиб юрганимда турмушга чиққанман. Учинчи курслигимда фарзандим туғилган. Ҳолбуки, менинг вазиятимда университетни битирган талаба қиз магистратурани хаёлига ҳам келтирмаган бўларди. Лекин турмуш ўртоғим ва қайнонам сабаб таҳсилни давом эттирдим. Магистратурада иккинчи фарзандим туғилди. Қийинчилик яна ортди, лекин қайнонам ёнимда туриб, менга уй ишлари ва фарзанд тарбиясида елкама-елка ёрдам берди. Турли танловлар, республика олимпиадаларига ҳам қайнонам олиб борарди. Ҳимояларимда ҳам ҳамиша мен билан бўлган. Мени фан доктори қилган шу қайнонам бўлади...

    Баъзида талабаларим оиласидан нолиб, ўқиш учун вақт ажратолмаётганини айтса, уларга ҳар иккаласини баравар олиб боришга ҳаракат қилиш кераклигини айтаман.

    Оилага тўсиқ деб қарамаслик керак. Аксинча, унга куч-қувват ва энергия манбаи, орзу-мақсадлар рўёбига элтувчи восита деб қарасангиз шундагина ҳақиқий куч-қувват манбаига айланади. Унга тўсиқ, чегара деб қарасак, ростан шундай тўсиқ бўлишни бошлайди. Ҳамма гап қарашда. Инсон қарашларини ўзгартириши керак.

    Оила – инсон ҳаётидаги энг ширин ташвиш. Аёл учун ҳамиша биринчи ўринда оиласи туради. Лекин, у тўла-тўкис бахтни ҳис қила олиши учун ўзи севган иши ҳам бўлиши керак. Шундагина у бу иккисидан куч олиб, яшашни бошлайди. Эришилган ҳар бир муваффақият оилангиз билан бошқача татийди. Аксинча, ишдаги қийинчиликларни оила сабаб осон енгиб ўтиш мумкин. Бу иккиси қушнинг икки қанотидай гап.

    – Инсон учун ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?

    1. Сабр

    2. Шукр

    3. Ҳеч қандай жавоб ёки манфаат кутмасдан қилинган яхшилик.

    – Бугунги даражангизга эришиш учун нималардан воз кечгансиз?

    – Ҳар доим ҳаммасига ҳеч нарсадан воз кечмай эришишга ҳаракат қилдим. Ўйлайманки, буни уддалай олдим...

    – Ўтган умрингизни суратда тасвирлаш керак бўлса унда қандай ранглар бўлади?

    – Барча ёрқин ранглар.

    -Ҳам илмга, ҳам ҳаётдаги аёллик вазифалари: уй, оила, фарзанд тарбиясига бирдай улгуришга кучни қаердан олиш мумкин, бу борада ёш тадқиқотчиларга қандай тавсиялар бера оласиз?

    – Юқорида айтганимдай, бу борада асосий куч-қувват манбаи, энг аввало, оила бўлади. Балки мен эришган натижалар у даражада катта эмасдир, лекин мен эришганларимнинг ҳаммасини оиламнинг қўллаб-қувватлаши, дуолар ва албатта шунга яраша қилинган ҳаракатлар маҳсули деб биламан. Аёл ўзи дангасалик қилмай, кези келганда уйқудан кечиб бўлса ҳам, ҳаракат қилиб ҳаммасига улгуриши мумкин. Тўғри, ҳаётда ҳар хил вазият бўлади. PhD ҳимоям арафасида фарзандим касал бўлиб қолиб, ҳаммасини тўхтатмоқчи бўлган эдим. Аммо қайнонам ўртага тушиб, шунчаси ортда қолгани, қирқига чидаб, озгина қолганда ташлаб кетишим мумкин эмаслигини тушунтирган. Қийинчиликларимни енгиб ўтишимга ёрдам берган. Мана, ҳозир ўша пайтда тортган машаққатларимнинг мукофотини оляпман...

    – «Шуҳрат» медали соҳибаси бўлдингиз. Бу борадаги таассуротларингизни бўлишсангиз...

    – Медаль билан тақдирланишимдан қўлимизга берадиган дақиқаларгача хабарим йўқ эди. Бизни шунчаки, «Дўстлик» фестивалида иштирок этасиз деб чақиришди. Етиб борганимиздан кейин ҳозир давлат мукофоти билан тақдирланасизлар дейишганда аввалига ўзимни йўқотиб қўйдим. Бу вазиятдаги ҳаяжонни, бу қувончни сўз билан ифодалаш қийин...

    Ушбу ютуқни илм-фан ва таълим йўлидаги кичик хизматларимга катта мукофот деб биламан. Мени шу эътирофга лойиқ кўрган Президентимиз ва жонажон халқимга, Самарқанд давлат университетига миннатдорлик билдираман.

    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати ходими
    Ирода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.