Самарқанд давлат университетида 2-феврал – “Бутунжаҳон сув-ботқоқ ҳудудлари куни” муносабати билан “Дарё ва кўлларнинг экотизим барқарорлигидаги аҳамияти” мавзусида семинар ўтказилди.

    Анжуман Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

    Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзоси Зебинисо Пўлатова кириш сўзи билан очди:

    - 1971-йил 2-феврал куни  Эроннинг Рамсар шаҳрида жаҳон ҳамжамияти томонидан сув-ботқоқ  ҳудудларини  муҳофаза қилиш, сувда сузувчи қушларнинг асосий яшаш манзили бўлган халқаро аҳамиятга эга сувли-ботқоқ ерлар тўғрисидаги конвенсия қабул қилинди. Бугунги кунда Рамсар рўйхатига 2307 та сувли-ботқоқли ҳудудлар киритилган. Уларнинг умумий майдони 228,9 миллион гектарни ташкил этади. Ўзбекистон 2001-йилдан буён Рамсар Конвенсиясининг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади. Юртимиз 169  давлат қаторида ушбу Конвенсия мақсадларини амалга ошириб келмоқда. Улар орасида  дунё бўйлаб барқарор ривожланишга эришиш воситаси сифатида сув-ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш, ўз ҳудудида камида битта конвенсия талабларига мос келувчи сув-ботқоқ ҳудудини яратиш кабилар ҳам бор...

    Алиқул Равшанов, Самарқанд давлат университети география ва экология факултети декани, доцент:

    - Ўзбекистонда сув-ботқоқ ҳудудлари қарийб бир миллион гектарни ташкил этиб, 500 дан ортиқ кўллар мавжуд. Республика ҳудуди орқали кўчиб юрувчи қушларнинг кўплаб турлари учун сув-ботқоқ ҳудудлари қулай қўнимгоҳ бўлиб хизмат қилмоқда. Дарёлар, кўллар, сув омборлари ва суғориш тизимларида 130 га яқин қуш турлари учрайди. “Қизил китоб”га киритилган қушларнинг 30 дан ортиқ турининг ҳаёти сув-ботқоқ ҳудудлари билан узвий боғлиқ… Денгизкўл (2002), Айдар-Арнасой кўллар тизими (2012), Тўдакўл кўли (2020) ва Қуйимозор сув омбори (2020) Халқаро аҳамиятдаги сув-ботқоқ ерларнинг рўйхатига киритилган. Бугунги кунда Жилтирбас, Ачиқкўл ва бошқа қатор кўлларни ҳам Рамсар рўйхатига киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда...

    Йиғилишда тадбир иштирокчилари томонидан сув-ботқоқ ҳудудларнинг ўрмон ҳудуларга нисбатан уч баробар тез камайиб кетиши эҳтимоли мавжуд эканлиги қайд этилди. Бу жиддий муаммо  ва бундай ерларни сақлаш инсоният учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

    Тадбир якунида талабалар томонидан дарё ва кўлларни, сув ботқоқ ҳудудларини муҳофаза қилиш юзасидан  фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.