Самарқанд давлат университети: Ректор ва битирувчи курс талабалари учрашуви
Расмиятчиликдан ҳоли ва қизғин руҳда ўтказилган мулоқотда таълим тизимидаги ўзгаришлар, магистратурага кириш талаблари, чет тили ўрганишнинг аҳамияти борасида фикр юритилди.
- Ҳаёт курашдан иборат. Бу курашда фақат кучли билим ва салоҳиятга эга бўлганларгина ғолиб бўлади, - дейди Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов. - Сизлар университетни битириш арафасида турибсиз. Бакалавр бу мутахассисликка киришдир. Жаҳон тажрибасида олий маълумотли бўлиш магистр даражаси билан баҳоланади. Магистратурага киришда чет тилини билиш талаб этилади. Чет тилини ўрганиш сиз учун заруриятга айланиши лозим. Тил сизга доим ёрдамчи бўлади. Биз сизнинг чет тилини билишигиз ва илм олишингизга хайрихоҳмиз ва бу борада сизни қўллаб қувватлаймиз…
Рустам Холмуродов учрашув давомида СамДУ институт ва факультетлари раҳбарияти томонидан тавсия этилган талабалар учун ҳафтасига уч кунлик инглиз тили курслари ташкил этилганини эълон қилди. Мазкур курслар учун малакали ўқитувчилар жалб этилиши ва дарслар бепул амалга оширилишини алоҳида таъкидлади.
- Университетда бепул инглиз тили курсларининг ташкил этилиши юзлаб талабалар учун енгиллик бўлди, - дейди СамДУ инглиз тили кафедраси ўқитувчиси Феруза Қодирова. – Йигит-қизлар эндиликда тил билиш даражасини бошқа жойда эмас, ўзларнинг факультетида ошириши мумкин. Қолаверса, биз ўқитувчилардан ҳам улкан масъулият талаб этилади.
- Ректор ва талабалар учрашуви самимий тарзда ўтди. Бугун талабалар учун яхши имконият берилди, - дейди математика факультети талабаси Аброр Мажидов. – Бепул инглиз тили курслари ташкил этиладиган бўлди. Бошқа университет талабаларига бу каби имкониятлар берилмаса керак. Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовдан миннатдорман. Яратилган шароитларни оқлашимиз учун ҳам яхшироқ ўқишимиз лозим.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.