СамДУ талабалари Тоттори префектурасининг табиий экотизимлари ва уларнинг муаммолари билан танишишди
Самарқанд давлат университетининг Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти талабалари Тоттори университетига уюштирилган сафар давомида ушбу ҳудуддаги табиий экотизимлар, у ердаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси билан танишишди. Дастлаб талабаларга Тоттори префектурасидаги энг жиддий, табиий муаммолардан бири саналган қум кўчиши ва уни бартараф қилиш усуллари бўйича маълумотлар берилди. Шу мақсадда префектуранинг шимолий қисмида жойлашган қум барханларига сафар уюштирилиб, у ерда қум кўчкиларини тўхтатиш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, талабалар, қум барханлари масалаларига бағишланган илмий-амалий марказда бўлиб марказ фаолияти билан яқиндан танишишди. Қолаверса, талабалар Тоттори префектураси флораси ва фаунаси билан танишиш мақсадида табиат музейида бўлишди. Ушбу марказда талабалар префектурада тарқалган ўсимликларнинг гербарий намуналари, ҳайвон турлари ва энтомологик коллекцияларни кўздан кечиришди. Шунингдек, ушбу ҳудуднинг геоморфологик тузилиши ва тупроқ ҳосил бўлиш хусусиятлари тўғрисида талабаларга батафсил маълумотлар берилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.