Каттақўрғон туманидаги 17-умумтаълим мактабининг икки нафар ўқувчиси фахрли 2-3 ўринларни эгаллади…

    Самарқанд давлат университетида Ёшлар фестивали доирасида Самарқанд вилояти ҳокими олимпиадаси ўтказилди.

    Бу йил иккинчи марта ташкил этилган, мазкур нуфузли танловда Каттақўрғон туманидаги умумтаълим мактабларидан 6 нафар ўқувчи ғолибликни қўлга киритди.

    Каттақўрғон туманидаги 17-мактабнинг ўнинчи синф ўқувчилари Зуҳра Саидаҳмадова она тили адабиёт фанидан 3-ўринни,  Дилшод Ёрқулов география фанидан 2-ўринни қўлга киритди.

    Ғолиб ўқувчиларга Самарқанд вилояти ҳокимининг эсдалик совғалари ва дипломлари топширилди.

    -Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан ўтказилган ушбу олимпиаданинг йилдан-йилга нуфузи ортиб бормоқда,-дейди Каттақўрғон туманидаги 17-умумтаълим мактаби директори, Халқ таълими аълочиси Ҳақиқат Ҳамроева. - Ўқувчиларимиз вилоят ҳокими олимпиадасида қатнашиб, ўрин олишни ўзларига шараф, деб ҳисоблайди. Ота-оналаримизнинг қувончи ҳам чексиз. Шу ўринда Самарқанд давлат университети ректори, профессор Рустам Холмуродовга ва университет профессор-ўқитувчиларига ҳам миннатдорлик билдирмоқчиман. Олимпиада жуда яхши ташкил этилган. Энг муҳими шаффоф ўтди…

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.

Шавкат Акрамов олган сурат.