Самарқанд давлат университетида рақамли технологиялар факультети ва Galgotias университети билан ҳамкорликда Ҳиндистон-Ўзбекистон сунъий интеллект ва машинали ўқитиш марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Самарқанд давлат университети илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Ҳаким Хушвақтов, халқаро ҳамкорлик бўйича проректор Акмал Ахатов, рақамли технологиялар факультети жамоаси ва Ҳиндистоннинг Galgotias университети профессор-ўқитувчилари зоом платформаси орқали онлайн иштирок этди.

    Ушбу марказнинг асосий вазифаси замонавий технологиялар асосида таълим берадиган мутахассисларни тайёрлаш, алмашинув дастурларини йўлга қўйиш, симпозиум ва конференциялар уюштириш, сунъий интеллект, блокчейн, биоинформатика, бизнес аналитика йўналишлари бўйича илмий ишлар олиб бориш ҳамда тадқиқотчиларнинг илмий мақолаларини нуфузли журналларда чоп этишга кўмаклашишдир.

    - Ҳиндистон-Ўзбекистон сунъий интеллект ва машинали ўқитиш марказининг очилиш Самарқанд давлат университетининг халқаро алоқаларини ва илмий нуфузини янада оширишга хизмат қилади, - дейди СамДУ илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректор Ҳаким Хушвақтов. – Бу каби марказларнинг ташкил топиши халқаро ҳамжамиятда университет рейтингини белгилашда ва тадқиқотларимиз самарасини қай даражада эканлигини билишга катта роль ўйнайди. Қолаверса, тажрибаларимизни қўллашда синов майдончаси бўлади. Ушбу марказнинг фаолияти икки томонлама фойдали бўлишига ишончим комил…

    - Самарқанд давлат университети билан 2018 йилдан бошлаб ҳамкорлик алоқаларни йўлга қўйганмиз, - дейди Галготиас университети информатика ва муҳандислик факультети декани, профессор Муниш Сабҳарвал. – Марказ дарслари инглиз тилида олиб борилади. Ушбу марказда таҳсил олган талабалар бир семестр давомида Галготиас университетига ўқишларини давом эттиришлари мумкин. Қолаверса, сунъий интеллект, блокчейн, биоинформатика, бизнес аналитика йўналишлари бўйича тадқиқот олиб боришда Галготиас университетидан илмий раҳбар тайинлаймиз ва бу борада доимий ҳамкорликка тайёрмиз…

 

Беҳруз ШАМСИДДИНОВ

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими,

Шавкат АКРАМОВ олган суратлар