Самарқанд давлат университетига Сегет университети Экология ва ботаника институтининг (Венгрия) профессор-ўқитувчилари ташриф буюрди. Меҳмонларни СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов кутиб олди.

    Бундан асосий мақсад, қурғоқчил минтақа ўсимликлар қопламини қайта тиклаш ва тупроқ, уруғ маҳсулдорлигини баҳолашда илмий-тадқиқотлар олиб боришни йўлга қўйишдир.

    Шунингдек, Венгриянинг Stipendium Hungaricum стипендия дастури доирасида СамДУ талабаларини магистратура ва докторантура йўналишларига жалб қилиш ва уларга раҳбарлик қилиш ҳам белгиланган.

    - Венгриянинг Сегет университети аграр соҳа бўйича юқори нуфузга эга бўлган олий таълим муассасаларидан бири саналади, - дейди СамДУ агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети декани, доцент Тошпўлот Ражабов. - Иккала университет мутахассислари табиий ўсимликлар қопламини ўрганиш ва уларни қайта тиклаш йўналишида халқаро илмий-тадқиқот лойиҳаларни ҳамкорликда ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишни режалаштирган. Ҳамкорлик доирасида аграр таълим йўналишлари бўйича ҳам Сегет университети олимлари раҳбарлигида кадрлар тайёрлаш ҳам мақсад қилинган. Қолаверса, Венгрия университетларида магистратура ва докторантурада таҳсил олиш истагида бўлган талабалар билан ҳам учрашувлар ўтказиб, уларга зарур маслаҳат ва тавсиялар беришни режалаштирган.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.