Самарқанд давлат университети магистри Жанубий Кореяда стажировка дастурида иштирок этмоқда...

Самарқанд давлат университети инсон ресурсларини бошқариш факультети магистри Моҳигул Мажидова халқаро “Entry” танловида ғолиб бўлиб, айни пайтда Кореяда стажировка дастури бўйича малака оширмоқда. Биз тадқиқотчининг Кореяга ташрифи тафсилотлари билан қизиқдик.
-Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган малака ошириш лойиҳасида иштирок этяпмиз, - дейди Моҳигул Мажидова. - Ушбу лойиҳа Жанубий Кореянинг Cheju Hala университети профессор-ўқитувчилари томонидан таълим соҳасида халқаро тажриба алмашиш, шунингдек, Жанубий Кореянинг таълим тизимини ўрганиш ва Ўзбекистон учун инновацион томонларини ва креатив методларни татбиқ қилиш мақсадида ташкил қилинган. Биз Cheju Hala университетида малака лойиҳаси курсларида қатнашяпмиз. Ўзбекистондан ўттиздан ортиқ вакиллар иштирок этишмоқда. Лойиҳа давомида ахборот-коммуникацион технологиялар самарадорлигини ошириш, АКТ соҳасида ўқитувчи ва тадқиқотчиларга самарали таълим методларини ўргатиш, билим-кўникмаларини ошириш, бунда Кореянинг илғор ва самарали усуллари ҳамда техник базасини Ўзбекистонда ташкил этишга қаратилган лойиҳавий учрашувлар ташкил қилиш кўзда тутилган. Менинг магистрлик мавзуим ҳам бевосита рақамли иқтисодиёт шароитида ахборот хавфсизлиги ҳимояси масалалари билан боғлиқ. Шу сабабли, ушбу лойиҳа келгусидаги илмий тадқиқотим учун ҳам ниҳоятда самарали бўлишига ишонаман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати