Пастдарғом тумани ҳокими Шерзод Рахмонов Самарқанд давлат университетида таҳсил олаётган пастдарғомлик талабалар билан мулоқот қилди.

    Учрашувдан асосий мақсад талабалар билан яқиндан танишиш, фикр ва таклифларини ўрганиш, битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича тавсиялар ва амалий ёрдам беришдан иборат.

    Тадбирда Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев, Пастдарғом туман ҳокимининг ўринбосари Дилмурод Маматқулов, мактабгача ва мактаб таълими мудири Музаффара Абдиева, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш бўлим бошлиғи Тохир Қосимов ҳам иштирок этишди.

    Битирувчиларни иш билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Ҳоким талабалар билан очиқ суҳбат қуриб, уларнинг қайси касб ёки соҳага қизиқишини ўрганди. Битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича ҳокимият, банк ва корхона раҳбарларидан иборат махсус комиссия тузилганлиги таъкидлади.

    Учрашув давомида талабалар касбий амалиёт, туман ҳудудида бизнес бошлаш учун берилаётган имтиёзлар, ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш дастурлари ҳақида саволлар билан мурожаат қилди. Мутассадилар саволларга атрофлича жавоб бериб, муносиб иш билан таъминлаш учун имкониятлар мавжудлигини билдирди.

    Тадбир якунида талабалар томонидан илгари сурилган таклифлар инобатга олиниб, уларни келгусида амалга ошириш бўйича йўналишлар белгилаб олинди. Ҳоким ёшлар учун шу каби очиқ мулоқотлар мунтазам ўтказиб турилишини ва уларнинг ҳар бир фикри эътиборга олиниши муҳимлигини таъкидлади.

    Маълумот учун, Самарқанд давлат университетида кундузги ва сиртқи таълим йўналишида 650 га яқин пастдарғомлик талабалар таҳсил олмоқда.