Самарқанд давлат университети филология факультети 4-босқич талабаларининг сўзлашув нутқи синтаксиси фанидан мустақил таълим топшириқлари бўйича билимларини синовдан ўтказиш мақсадида “Талаба ижоди” танлови ўтказилди.

    Унда талабалар фанга оид билимларни мустаҳкамлашда илмий-ижодий ёндашганлиги, мустақил таълим учун ажратилган мавзуларни тўлиқ ўзлаштирганлиги каби бир қатор мезонлар ҳисобга олинган ҳолда баҳоланди.

    -Ҳар бир фан доирасида олинган назарий билимлар амалий машғулотлардан ташқари мустақил таълим жараёнида мавзуга оид топшириқларни бажариш орқали мустаҳкамланади, - дейди Самарқанд давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси доценти  Дилбар Ўринбоева, - “Сўзлашув нутқи синтаксиси”   фанини чуқур ўзлаштириш учун талаба фаннинг ҳар бир бўлимини мустақил ўрганиши орқали мустаҳкамлаши керак бўлади. Сўзлашув нутқи кундалик турмуш нутқи бўлгани билан, унда тилимизнинг бор имкониятлари, энг нозик қирралари, ноёб ўхшатишлари қўлланилади. Ўқув йили бошида мустақил таълим мавзулари бўйича “Талаба ижоди” танловини эълон қилган эдик. Низомга кўра талабалар инфографика, видеоролик, аудиоёзув, “Ispring” тестлар каби йўналишларда мустақил изланишлар асосида тайёрлаган ишларини тақдим этди. Ҳар бир ижодий ишда талабалар кундалик ҳаётида доимий қўллайдиган сўзлашув нутқини мустақил ўрганишга, қўлланган бирликларни таҳлил қилишга ҳаракат қилган.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати