Геологик тадқиқот жараёнлари ўрганилди...

Самарқанд давлат университети география ва экология факультети геология таълим йўналиши талабалари учун “Регионалгеология” Давлат унитар корхонаси “Марказий геология ва геофизика” лабораторияси фаолияти билан танишув экскурсиялари ташкил этилди. Унда талабалар геологик тадқиқот намуналарини таҳлил қилиш лабораторияси фаолияти ва геофизик тадқиқот усуллари аппаратуралари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида талабаларга ўқитувчи ҳамда корхона етакчи мутахассислари томонидан етарлича тушунтириш ишлари олиб борилди.
-Талабалар дарс давомида ўзлаштирган назарий билимларини амалиётда қўллай билсагина мутаҳкам билимга эга бўладилар, - дейди гидрометеорология кафедраси ўқитувчиси Жовхар Сатторов, - Шу жиҳатдан бу каби экскурсия ва дала амалиётлари таълимнинг узвий қисми ҳисобланади. “Марказий геология ва геофизика” лабораторияси фаолияти билан танишиш талабаларга ўз мутахассисликлари бўйича муҳим масалаларда кўникма ҳосил қилиш имкониятини тақдим этди. Айниқса, қудуқларда олиб бориладиган геофизик тадқиқот усуллари партияси кузатувларида Кобра каротаж станцияси тузулиши ва ишлаш жараёни билан яқиндан танишиш талабалар учун ниҳоятда фойдали бўлди.
Экскурсия давомида талабалар геология музейи намуналари билан танишиш билан бир қаторда тоғ жинслари ва минераллар, уларнинг келиб чиқиши, ўрганилиш тарихи, қадимги замон фауна-флораларининг тош қотган сақланмалари ва фойдали қазилама конлари тўғрисида маълумотларга эга бўлдилар. Шундан сўнг малакали мутахассислар томонидан тоғ жинсларини таҳлил қилиш, шунингдек, олинган маълумотларни компьютерда қайта ишлаш ва таҳлил қилиш тўғрисида керакли тавсиялар берилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати