Мевали дарахтлар совуққа чидамлими? Уни қандай қилиб совуқдан сақлаш мумкин?
Шу кунларда республикамизга ноодатий совуқ ҳаво оқими кириб келаётганлиги барчанинг диққат марказида. Айниқса, ҳафта ўртасида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилмоқда. Бундай шароитда қорасовуқнинг салбий таъсирини камайтириш ва уни юмшатиш чораларини кўриш жуда зарур. Бу борада боғ ва хонадонларимиздаги мевали дарахтларни, айниқса ўтган куз фаслида қадалган ниҳолларни совуқдан асрашга ҳар биримиз эътиборли бўлишимиз керак. Буни амалга ошириш учун эса халқимиз орасида синовдан ўтган ва қўллаш осон бўлган тадбирлар бор. Бундай тадбирлар орасида энг муҳимларига таъриф бериб ўтамиз.
Боғларни совуқдан асрашда кенг қўлланиладиган тадбирлардан бири, бу - тутун ҳосил қилиш. Бунда маҳаллий шароитда кенг тарқалган сомон, шох-шаббалар, барг хазонларидан уюм ҳосил қилиб уларни тутатиш дарахт ва ниҳолларни совуқ уришидан сақлайди. Шунингдек, чорва моллари тезакларидан фойдаланиб ҳам тутун ҳосил қилиш боғларда совуқнинг таъсирини камайтиришга сезиларли даражада хизмат қилади.
Ёш дарахтларни совуқдан асраш учун қоп кийидириш амалиёти ҳам халқимиз орасида кенг қўлланилади. Бунда қоп латтали материалдан бўлиши тавсия этилади.
Совуқнинг таъсирини камайтиришнинг яна бир усулларидан бири боғ қатор ораларини суғориш ҳисобланади. Бунда сув ҳарорати ҳаво ҳароратидан юқори бўлганлиги учун ушбу ҳудуддаги ҳаво ҳароратини юмшатишга хизмат қилади. Иккинчи томондан ҳосил бўлган сув буғлари ернинг ва дарахтларнинг нурланишини камайтиради ҳамда ҳаво ҳароратини пасайишига йўл қўймайди.
Қуйида республикамизда кенг тарқалган мевали дарахтлар ва уларнинг совуққа чидамлилиги бўйича айрим маълумотларни келтириб ўтамиз.
Шафтоли – совуққа чидамсиз, бир йиллик новдалари -22-26 оС да нобуд бўлади.
Олма - жанубий навлари ҳарорат 32-35оС дан паст бўлганда, баъзилари эса - 21 оС да нобуд бўлади.
Ўрик – ёғочлиги яхши пишган бўлса, - 30 оС гача чидайди.
Гилос - совуққа чидамсиз, - 28 оС да совуқ уради.
Ёнғоқ - бир йиллик кўчатлари -25-26 оС да нобуд бўлади.
Анор- ҳарорат 12-15 оС гача пасайганда бир йиллик новдалари, 15-16 оС да шох-шаббалари қаттиқ зарарланади,18 –20 оС да барча ер устки қисми нобуд бўлади.
Анжир - ҳарорат 15 оС да бир йиллик янги новдаларини, - 16 оС да кўп йиллик шохларини, -18 оС да эса ўсимликнинг илдиз бўғзигача бўлган ер устки қисмини совуқ уради.
Хурмо-совуққа чидамлиги жиҳатдан субтропик ўсимликлардан устун туради, шох-шаббаси -18-20 оС да анчагина зарарланади.
Юқорида кўрсатилган ҳарорат асосан вояга етган дарахтларга нисбатан олинган. Ушбу мевали дарахтларнинг янги экилган кўчатлари эса юқорида кўрсатилган ҳароратларда кўпроқ зарар кўришини эътиборга олиш зарур.
Бахром Холмирзаев,
Давлат Нормуродов
СамДУ Агробиотехнологиялар
ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти доцентлари.