Самарқанд давлат университетида “Ватан ҳимояси муқаддас бурч” мавзусида тасвирий санъат кўргазмаси ўтказилди…
14 январь Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Самарқанд давлат университети спорт фаолияти ва санъат факультетида “Ватан ҳимояси муқаддас бурч” мавзусида тасвирий санъат кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда санъатшунослик кафедраси катта ўқитувчиси Жамолиддин Раҳматов ўзининг 100 дан ортиқ санъат асарлари билан қатнашди.
Ижодкорнинг асарлари ўзига хослиги, жозибадорлиги, алоҳида йўналишга эга эканлиги билан ажралиб туради.
- Жамолиддин Раҳматов ҳар жабҳада ўрнак олса арзийдиган устоз, - дейди Самарқанд давлат университети санъатшунослик кафедраси мудири Нигина Муллажонова. - Ижодкорнинг ҳаёт ва илмий фаолиятига тўхталадиган бўлсак, бир неча йиллар Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилган. Ўз касбига садоқат билан қарайдиган, ватанпарвар инсон. Шу билан биргаликда серқирра ижодкор, моҳир рассом, маҳоратли ўқитувчи. Шу кунга қадар мингга яқин ижод намуналари яратган. Мусаввир Жамолиддин Раҳматовдан Самарқанд давлат университетида рассомчилик йўналишинининг ривожланиши учун бир қатор ижодий янгиликлар кутиб қоламиз.
- Бугунги онлайн санъат кўргазмамизда Жамолиддин Раҳматовнинг ижодий ишлари билан яқиндан танишдим, суҳбат қурдим, ўзаро фикр алмашдик, - дейди санъатшунослик кафедраси ўқитувчиси Шариф Ойдинов. – Ижодкор, асосан, графика йўналишида ўзининг ишларини давом эттирмоқда. Мумтоз классик адабиёти намуналаридан, хусусан ўзининг композициясидан келиб чиққан ҳолда Алишер Навоий асарлари сюжети устида кўплаб ижод намуналари яратган. Бу шахснинг айнан шу турдаги асарларни яратиши, қайсидир маънода адабиётдан, Навоий ва унинг дурдоналаридан бохабарлиги таҳсинга сазовор. Унинг ижодий ишларини нафақат республика, балки халқаро миқиёсдаги анжуман ва кўргазмаларда кутиб қоламиз. Шу билан биргаликда, ижодкорга келгуси ишларида муваффақият ва зафарлар тилаб қоламиз…
Беҳруз Шамсиддинов
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.