“Биология – менга ота мерос фан...”
Самарқанд давлат университети ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедраси доценти Флора Қобулова билан суҳбат
-Илм-фан соҳасини танлашингизга нима сабаб бўлган?
-Мен олимлар оиласида туғилганман. Отам биология фанлари доктори, профессор Жаббор Қобулов Ўзбекистон Республикаси фан арбоби эди. 50 йилдан ортиқ вақт давомида Самарқанд давлат университетида фаолият олиб борган. Отамнинг ботаника илмига қўшган ҳиссасини бутун илмий жамоатчилик ҳали-ҳануз ҳурмат билан тилга олади. Асосий илмий тадқиқот йўналиши Марказий Осиё шумғияси биологик хусусиятларини ўрганиш бўлган. Отам томонидан кашф этилган кўп шохли буғдой навларидан бири эътироф этилиб, жаҳон буғдой навлари рўйхатига киритилган.
Болалигимда отам ҳовлимизда ҳар хил гуллар, буталар ва мен номини билмаган турли хил ўсимликларни парвариш қиларди. Ўша пайтларданоқ оддий ўтларга ўхшамайдиган бу гиёҳлар менга жуда қизиқ туйиларди. Улғайгач, тушундимки, отам боғимизда турли ноёб доривор ўсимликларни етиштирар экан. Отамдаги доривор ўсимликларга, умуман яшил табиатга бўлган бу қизиқиш менга ҳам ўтган. Кейинчалик бу қизиқиш мени Самарқанд давлат университетининг биология факультетига етаклади. Шу тариқа биология факултьтетида ўқий бошладим. Эндигина ўқишни бошлаган вақтларим эди, бир куни отам менга “Сибир шароитида чаканда ўстириш” деган китоб совға қилди. Китоб чаканда ўсимлигининг баъзи биологик хусусиятлари ва уни ўстириш йўллари бўйича тавсиялардан иборат экан. Отам менга Зарафшон водийсида ҳам ушбу ўсимлик учрашини айтиб, “Агар қизиқсанг, ҳали ўрганилмаган ушбу доривор ўсимлик устида илмий тадқиқот олиб борсанг бўлади”, деб тавсия берди. Китобни катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Шу тарзда Зарафшон давлат қўриқхонаси ҳудудида чаканда ўсимлигининг биологик хусусиятларини ўргандим. Дастлаб диплом иши даражасида бошланган ишим, кейинчалик кенгайиб, магистрлик, номзодлик ишларига айланди. Мазкур мавзу бўйича номзодлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Шу кунга қадар 160 дан ортиқ ортиқ илмий ишларим республика ва халқаро нашрларда эълон қилинган.
– Ҳам илмга, ҳам уй, оила, фарзанд тарбиясига бирдай улгуришга кучни қаердан топасиз, бу борада ўқитувчилар, ёш олимларга қандай тавсиялар бера оласиз?
– Турмуш ўртоғим, биология фанлари доктори, профессор Зафар Исмоилов билан бир соҳа вакили бўлганим учунми, ҳамиша илмий фаолият билан шуғулланишимни қўллаб-қувватлаб келган. Илмий иш билан машғул бўлишим учун ҳамма шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилган. Қўриқхоналарга дала амалиётларига бориш, экспедицияларда қатнашишим учун ҳеч қандай тўсиқ қўймаган. Албатта, бу жараёнда аёлнинг ўзи ҳам берилган имкониятлардан унумли фойдаланиши муҳим ҳисобланади. Илм-фанни севган инсон у учун вақт ажратишга ҳамиша имкон топади. Тўғри, кези келганда фарзандларимга етарли вақт ажратмаган пайтларим бўлган. Лекин, ҳар бир хато ва камчилигимдан ибрат олиб, уни такрорламасликка қаттиқ ҳаракат қилардим. Икки фарзандим бор. Ҳозирда иккиси ҳам ҳаётда ўз ўрнини топган. Ўғлим иқтисод, қизим биология соҳасидан кетган. Мактабда биология фанидан дарс беради..
–Асосий тадқиқотингиз мавзулари чаканда ўсимлиги билан боғланади. Ушбу ўсимликнинг қадай доривор хусусиятлари бор?
– Чаканда ёввойи ҳолатда Зарафшон дарёси водийсида кенг тарқалган ўсимлик ҳисобланади, асосан, нам жойларда, дарё бўйларида ўсади. Айни пайтда Қизил Китобга киритилган ноёб ўсимлик сифатида миллий қўриқхона муҳофазасига олинган. Бу ўсимлик Марказий Осиёда, Қирғизистон ва Тожикистонда кенг тарқалган. Самарқанд вилоятида табиий чакандазорлар, асосан, Зарафшон дарёси бўйида мавжуд. Ўсимликнинг фойдали томонлари кўплигини ҳисобга олиб, охирги йилларда чаканда плантацияларини кўпайтиришга катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Айни пайтда шогирдларим билан чаканда ўсимлигини микроклонал усулда кўпайтириш бўйича тадқиқий ишлар олиб боряпмиз. Анъанавий усулда ўсимлик уруғи ва қаламчалари билан кўпайтирилганда, улардан унган навлар ўз сифати, у ёки бу хусусиятини қисман йўқотиши мумкин. Микроклонал усулда бундай муаммолар бўлмайди.
Чаканда таркибида кўплаб фойдали витаминлар ва биологик фаол моддалар топилган. Жумладан ундаги А провитамини болаларнинг ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Чаканда юқумли инфекцион касалликларга қарши дори воситалари ишлаб чиқаришда ҳам қўлланилади. Шунингдек, унинг таркибида одам қаришини секинлаштирувчи, юрак фаолиятини фаоллаштирувчи моддалар ҳам аниқланган. Чаканда мевасидан чаканда ёғи олинади, барглари антибактериал хусусиятга эга, поя пўстлоғида серотонин моддаси бўлиб, саратон касалликлари профилактикасида ишлатилади. Чаканда мевалари таркибида 20 дан ортиқ витаминлар, 190 дан зиёд биологик фаол моддалар учрайди. Чаканда унумдор туроққа муҳтож эмас. Атрофида сув бўлган жойларда етиштириш мумкин.
–Бугунги кунда Самарқанд давлат университети биология факультетида доривор ўсимларнинг биологик хусусиятларни ўрганиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда?
–Университетнинг ботаника, ўсимликлар физиологияси ва микробиология кафедрасида бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Олимлар томонидан бир қатор доривор ўсимликларнинг морфобиологик хусусиятлари ўрганилиб, кўпайтиришнинг янги усуллари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, топинамбур, артишок, жинғил ва шу кабилар.
– Ҳаётни суратда тасвирлаб бериш керак бўлса, сиз чизган расмда қандай ранглар бўлади?
Энг аввало қизил. Қизил ранг ғалаба, гўзаллик, ҳамиша биринчилик рамзи ҳисобланади.
Фурсатдан фойдланиб, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Самарқанд давлат университетида фаолият олиб бораётган барча аёл ходимлар, профессор-ўқитувчилар ва талаба қизларни самимий муборакбод этаман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, ишларингизга ривож ва тинчлик-хотиржамлик тилайман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА суҳбатлашди.
Шавкат АКРАМОВ олган сурат.