Эрон математика жамияти президенти, Фирдавсий университети профессори Муҳаммад Сал Мослеҳян билан суҳбат

    -Эрон таълим тизими ҳақида маълумот берсангиз? Бугун Фирдавсий университетида математика соҳаси бўйича қандай тадқиқотлар олиб борилмоқда?

    -Машҳад шаҳри қадим замонлардан бери дунёнинг етакчи илм-фан ва маданият марказларидан бири бўлиб келган. Эроннинг энг йирик қадимий кутубхона ва мадрасалари айнан мана шу шаҳарда жойлашган. Кўҳна шаҳарга хос қадимий улуғворлик илм-фан ва маданият, ижтимоий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасига таъсирини ўтказмасдан қолмаган. Машҳадда мавжуд катта мадраса ва таълим масканларининг ўзига хос давом эттирувчиси сифатида Фирдавсий университети бугун ўзининг кучли илмий салоҳияти, таълим сифати ва халқаро майдондаги фаоллигига кўра Эрон университетлари ТОП-5 лигига киради. Бугунги кунда Эрондаги 3  олий таълим муассасаси дунёнинг ТОП-1000 университети рўйхатида дастлабки 400 талик сафидан жой олган ҳисобланади. Фирдавсий университети эса мазкур рўйхатнинг 800 талигидан ўрин олган. 

    Эронда мактаб таълими 12 йилни ташкил қилади. Ўқувчилар 6 йил бошланғич мактабни тугатиб, яна 6 йил юқори мактабда таҳсил олгач олий таълим муассасаларида ўқийди. Бакалавриат босқичи 4 йил давом этади. Олий таълимдан кейинги таълим 2 йиллик магистратура ва 4 йиллик докторантура (PhD) ни ўз ичига олади.

    35 йиллик илмий-педагогик фаолиятим давомида 14 нафар PhD докторантларга илмий раҳбарлик қилдим. Ҳозир-да уларнинг кўпчилиги Эрон фанлар академиясида фаолият олиб боради. Эронда бакалавр битирувчилари 4 йиллик таълимни тугатаётганда албатта бирор мавзуда илмий иш қилишлари шарт. Шунингдек, таянч докторантурада таҳсил оладиган тадқиқотчиларга стипендия берилмайди. Ўзбекистонда PhD талабаларига катта миқдорда стипендия тўланар экан. Бу жуда яхши. Чунки, тадқиқотчи бошқа ишга чалғимасдан бор диққатини илмий тадқиқотига қаратади. Бизда PhD тадқиқотчилар доимий иш ва илмий тадқиқотни баравар олиб боришга мажбур. 

    -Ўзбекистон ва Эрон ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари қай даражада йўлга қўйилган?

    -Ишонч билан айтишим мумкинки, илмий алоқалар жуда самарали йўлга қўйилган. Университетда дарс бериш билан бирга 8  илмий журналнинг таҳрир ҳайъати аъзоси сифатида фаолият олиб бораман. Ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчилар ушбу журналларга тез-тез мақолалар юбориб туради. Қабул қилинаётган илмий мақолаларни кузатиб, шуни айтаманки, улар томонидан тақдим этилаётган тадқиқот натижалари юқори илмий аниқликка эга.

    -Эрон математика жамиятининг фаолияти ҳақида тўхталсангиз?

    -Эрон математика жамиятининг асосий мақсади мамлакат миқёсида математика илмига оид тадқиқотларни ривожлантириш,  кўламини кенгайтириш ҳисобланади. Бугунги кунда мазкур жамиятда 4  илмий журнал фаолият юритади. Ушбу журналларда дунёнинг турли мамлакатларидаги математик олим ва тадқиқотчилар ўз илмий изланишлари натижалари бўлган мақолаларини дунё ҳамжамиятига ҳавола қилиб боради. Шу билан бирга жамият аъзолари мактаблар ва олий таълим муассасалари учун дарсликлар тузиш, уларда бериладиган мисоллар устида доимий равишда ишлайди.

    -Математика соҳасида таълим сифатини ошириш учун қандай тавсиялар берасиз?

    -Талабага билим беришни экин экишга ўхшатаман. Агар ер унумдор ва унга экилаётган уруғ сифатли ва олий нав бўлса, ундан олинган ҳосил ҳам баракали бўлади. Агар уруғ сифатли бўлса-ю, ер унумсиз бўлса ёки аксинча ер унумли бўлиб уруғ сифатсиз бўлса кутилган натижани бермайди. Шундай экан, талаба ҳам, уни ўқитаётган ўқитувчи ва университет ҳам бирдай яхши бўлсагина юксак таълим сифатига эришиш мумкин. Таълим сифатини ошириш фақат бир томонлама жараён эмас. У учун таълимнинг ҳар бир субъекти бирдай масъул ва жавобгар бўлиши керак.

    -Ташрифдан  мақсад ва режаларингиз қандай?

Суҳбатдош: Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Ирода БЕКМУРОДОВА.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.