Самарқанднинг ноёб дарахтлари ҳақида нималарни биламиз?
“Бобурнома”да келтирилишича, дунёга машҳур Амир Темур боғ ва хиёбонларида чинор, қайрағоч, тол ва тераклар билан бирга, четдан келтирилган эман, сарв, шамшод каби дарахтлар ҳам экилган. Уларнинг баъзилари ҳозиргача сақланиб қолган. Самарқанд атрофидаги Конигил, Мотрид, Чилустун мавзелари ва Ургутдаги чинорлари узоқ йиллик ўтмишга гувоҳ тирик ёдгорликлар бўлса ажаб эмас…
Самарқанднинг махсус режа асосида ободонлаштирилиши ва кўкаламзорлаштирилиши ХIХ асрнинг охирги чорагига тўғри келади. Боғбон- олим Н.Королков Европа шаҳарларининг тажрибасини ўрганиб, Самарқанд шароитига мос 100 турга яқин манзарали, серсоя ва узоқ умр кўрадиган нодир дарахт ва буталарни экишни тавсия этган. Бу иш ХIХ асрнинг охирларида амалга оширилган. Худди шу йилда ҳозирги Университет хиёбони, Алишер Навоий номидаги шаҳар Марказий истироҳат боғи ташкил этилган ҳамда Омонқўтон ўрмон хўжалигига асос солинган.
Самарқанднинг янги шаҳар қисми қурилиб, нодир дарахтлар экилиб кўкаламзорлаштирилган. Ўша даврда экилган дарахт турларидан 30 га яқини ҳозиргача сақланган, қолганлари турли йилларда йўқолиб кетган. Шу кунга қадар сақланган дарахтлар 140-150 ёшли асрий нодир дарахтлар бўлиб, табиий ботаник ёдгорлик ҳисобланади.
Шаҳримизнинг беқиёс тарихий ёдгорликлари каби улар ҳам чет эллик сайёҳларни ўзига жалб этувчи табиат дурдоналаридир.
Узоқ умр кўриши билан алоҳида ажралиб турадиган икки бўлакли гинкго дарахти минг йилгача яшайди. Самарқанд шаҳрида унинг 150 ёшли 2 тупи ўсади. Улардан бири Самарқанд давлат университети биология факультети ҳовлисида, иккинчиси шаҳар ҳокимияти биноси ҳовлисида жойлашган. Икки бўлакли гинкго мевали дарахт сифатида фойдаланилади, барглари дориворлик хусусиятига эга. Минус 20° - 25 °C совуққа чидайди.
Ботқоқ сарви – бўйи 40 метрга, тана айланаси 3 метргача етадиган кузда баргини тўкувчи, ажойиб манзарали реликт дарахт. Ботқоқликларда, дарё, кўл бўйларида ўсади, қозиқсимон ҳавойи ер усти илдизлар ҳосил қилади. 1874 йилда экилган. Ҳозирда шаҳар Марказий истироҳат боғидаги кўл ҳудудида 5 тупи ўсиб турибди. Совуққа чидамли, - 25°C даражада ҳам деярли зарарланмайди. Самарқанд давлат университети биология факультети ҳовлисида 34 ёшли тупи ўсмоқда. Ниҳоятда серҳосил, ҳар йили қуббалар ҳосил қилади. Уруғидан кўпайтириш мумкин.
Виржинин арчаси – яна бир номи қаламдарахт доимо яшил тусда бўлиши билан эътиборлидир. 1873 йилда экилган. Ҳозир шаҳардаги эски ҳовлиларда, шаҳар Марказий истироҳат боғидаги “Мўъжиза” амфитеатри атрофида, темирйўл вокзали ҳудудидаги шифохона биноси ёнида, шаҳар ҳокимияти ҳовлисида, Университет хиёбонида ўнлаб асрий туплари сақланган.
Гигант секвойй адендрон (мамонт дарахти) – бўйи 130-135 метрча, тана айланаси 16-20 м., йирик, доимо яшил реликт дарахт. 4000 йилгача яшайди. 1872 йилда экилган ягона асрий тупи Самарқанд давлат университети биология факультети ҳовлисида ўсмоқда, бўйи 7- 8 м, уруғ ҳосил қилмайди.
Ливан кедри – баландлиги 40 метргача, тана айланаси 10-11 метргача борадиган, 3000 йилгача яшайдиган ажойиб манзарали дарахт. Ёғочи жуда қаттиқ ва қимматли қурилиш материали ҳисобланади. 1874 йилда экилган Самарқанд шаҳридаги ягона асрий тупи Самарқанд давлат университети бош биноси ҳовлисида ўсиб турибди. Ҳар йили ҳосил беради, уруғлари яхши унади. Ҳозирги кунда Самарқанд давлат университети тадқиқотчилари томонидан биология факультети ҳовлисида 25-27 ёшли, 9-10 метрли туплари ўстирилмоқда.
Юракбарг жука – манзарали дарахт. Шаҳримизга 1875-1878 йилда келтирилган. Бир нечта асрий туплари Самарқанднинг Амир Темур, Маҳмуд Кошғарий кўчаларида, Самарқанд давлат университети бош биноси ҳовлисида, шаҳар истироҳат боғида ўсиб турибди. Ҳар йили яхши ҳосил беради. Уруғидан кўпайтирилади.
Япон софораси (тухумак) – бўйи 12 метргача, тана йўғонлиги 1 метргача борадиган юмалоқ шох-шаббали чиройли, серсоя дарахт. 1875-1880 йилда экилган йирик асрий туплари Абдураҳмон Жомий кўчасидаги шаҳар ўлкашунослик музейи ҳовлисида, Самарқанд давлат университетининг биология факультети ҳовлисида ўсади. Сўнгги йилда кўкаламзорлаштириш мақсадларида кўп экилмоқда. Уруғ ҳосилдорлиги жуда катта. Уруғидан тез кўпаяди.
Қўнғир эман – 300-400 йил яшайдиган дарахт. Самарқандда 1874 йилда экилган. Ҳозир шаҳарда ўнлаб асрий туплари ўсиб турибди. Улар Самарқанд давлат университети бош биноси ва биология факультети ҳовлисида, Абдураҳмон Жомий, Ўзбекистон, Ибн-Холдун, Алишер Навоий кўчаларидаги ҳовлиларда сақланган.
Хислат ҲАЙДАРОВ,
Самарқанд давлат университети ботаника кафедраси профессори,
Зебинисо УМУРЗАКОВА, доцент.