Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида Наврўз байрами кенг нишонланди…
Юртимизга биз орзиқиб кутган борлиқдаги уйғониш ва янгиланиш тимсоли бўлган Наврўзи олам кириб келди. Бу бетакрор айёмни ҳар бир хонадон, ҳар бир оилада “Хуш келибсан ўлкамизга Наврўзи олам, қадаминг қутлуғ бўлсин, юртимизга тинчлик-омонлик олиб кел” деб қарши олиш азалий одатимиздир.
Самарқанд давлат университети Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтида Наврўз байрами кенг нишонланди. Тантанали байрамда СамДУ проректорлари, университет бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси, факультет деканлари, бўлим бошлиқлари ва талабалар иштирок этди.
Шунингдек, Самарқанд давлат университетига ёзги мактаб доирасида ташриф буюрган Германиядаги Берлин техника университетининг 15 нафар талабаси меҳмон сифатида қатнашди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ўқув ишлари бўйича биринчи проректори Аҳмаджон Солиев кириш сўз билан очиб, байрам билан барча иштирокчиларни табриклади.
Миллий қадриятлар ва урф-одатларни акс эттирган ушбу байрамда талабалар томонидан турли хил куй-қўшиқлар, лапарлар ижро этилиб, саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Байрам кўтаринки руҳда ўтказилиб, барчага манзур бўлди.
- Самарқандга биринчи бор ташриф буюришим. Мен Самарқанд ҳақида эшитгандим, лекин кўп маълумотга эга эмасдим, - дейди Германиянинг Берлин техника университети талабаси Ангелина Яшина. – Шаҳрингиз менга жуда ёқди. Миллийлик, инсонийлик аъло даражада. Халқингиз меҳмондўст, инсонлари бир – бирига жуда ғамхўр. Қадрият ва урф-одатларини йўқотмаган ҳолда анъаналарини давом эттириб келмоқда. Айниқса, бугунги Наврўз байрами менда ўзгача таасурот қолдирди. Қизларингизнинг миллий кийимларига ҳавас қилдим, улар жуда чиройли ва жозибадор. Ўқитувчи ва талабаларнинг аксарияти рус ва инглиз тилларида бемалол мулоқот қила олиши мени жуда хурсанд қилди. Мен яна Ўзбекистонга келишга қарор қилдим. Бу сафар оилам билан саёҳат қиламан. Барчангизга байрам муборак бўлсин!
- Бугун нишонланаётган байрам фақат СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтининг байрам эмас, балки бутун Жомбой халқининг байрамидир. Кўриб турибмизки, байрамга алоҳида тайёргарлик кўрилган дейди, - “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Шуҳрат” медали соҳиби Гулнора Аҳмедова. – Карнай-сурнай садолари остида бошланган байрам барчага кўтаринки кайфият улашмоқда. Талабалар томонидан намойиш этилган миллий ўйинлар ёшлигимни эсга солди… Барча юртдошларимизни Наврўз байрами билан табриклайман…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.