Наврўздан Наврўзгача...
Тошпўлат Ражабов, СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент:
– Бугун инсоният цивилизация ва тараққиёт асрида яшамоқда. Илм-фан ўзининг бор имкониятлари билан чинакам билим соҳибларининг ҳар бир жабҳада юқори ўринда туришига сабабчи бўлаётганини даврнинг ўзи исботлаб турибди. Ана шу эврилишларда қачонлардир табиат, коинот ҳақида тафаккур қилган, илм-фаннинг дастлабки пиллапояларини бунёд этган аждодларимизнинг ҳиссаси борлигини, бу ўлка ҳамиша илму маърифат, маданият ва тафаккур бешиги бўлиб келганлигини унутмаслигимиз лозим. Илм-фан билан бирга миллий қадриятлар ҳам бизга аждодлардан меросдир. Наврўздан Наврўзгача бўлган энг катта янгиликлардан бири бу СамДУ Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институтининг ташкил этилиши бўлди. Институт ташкил этилган илк даврлардан бошлаб, бор эътиборимизни илмий фаолият ва халқаро ҳамкорлик соҳаларига қаратдик. Бу борада институтда илмий тадқиқотларни ривожлантириш учун Агробиотехнологиялар трансфери илмий-тадқиқот лабораториясининг ташкил этилиши, халқаро алоқалар ўрнатишда бир нечта мамлакатларга уюштирилган хориж сафарларини мисол қилиб келтириш мумкин. Ўтган давр ичида Италия, Венгрия, Япония каби давлатларда бўлиб, тегишли соҳаларда халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш билан бир қаторда, хориж тажрибасини ўргандик. Айниқса, Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродов билан Япониянинг Тоттори университетига қилган ташрифимиз икки томон учун муҳим имкониятлар эшигини очди. Айни пайтда СамДУ талабаларини талаба алмашинуви, қўшма таълим каби дастурлар бўйича Японияга ўқишга юбориш учун катта ишлар амалга оширилмоқда.