Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов талабалар билан “Конституция меники, сеники, бизники! Конституция ўзимизники” шиори остида Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича талабалар билан учрашув ўтказди.

    Учрашув давомида СамДУ ректори Рустам Холмуродов Конституциявий ислоҳотлар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган туб ўзгаришларнинг узвий қисми бўлиб, уларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини қонун даражасида таъминлаш ҳамда Асосий қонунимизни жамиятдаги ислоҳотларга мослаштиришда муҳим ҳодиса эканлигини алоҳида таъкидлади.

    – Конституция давлатнинг Асосий қонуни бўлиб, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов  - Ҳар қандай меъёрий ҳужжат қонун, фармон, қарор ёки бошқа бўладими авваламбор Конституцияга асосланади. Бугун ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида туб ўзгаришлар бўлмоқда. Шундай шароитда ижтимоий соҳа, иқтисодиёт, маданият ва барча соҳаларда муҳим янгиланишларга бефарқ бўлмаслик ҳар бир инсоннинг ўз Ватани олдидаги бурчидир. Сўнгги йилларда ёшлар учун, уларнинг сифатли таълим олиши ва етук кадр бўлиб етишишларига кенг имкониятлар яратилмоқда. Бунга монанд тарзда улар томонидан эришилаётган ютуқлар салмоғи ҳам кундун-кунга ошиб бормоқда. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлар ҳамда имкониятлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам фойдаланиши учун уларни Конституция билан белгилаб қўйиш лозим.

 

    Самарқанд давлат университети
    Ахборот хизмати.
    Шавкат Акрамов олган суратлар