Ҳаммаси сифатли таълимдан бошланади...
“Миллий ғояси йўқ, бўлса-да амал қилмайдиган миллатни мавҳ этиш осон кечади. Зеро, миллий ғоя миллатнинг мустаҳкам қаъласидир. У миллатни ташқи таъсирлардан ҳам ҳимоя қилади, Ватан муқаддаслигини, озодлик қадрини, ўзликни асраш имконини беради.”.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Рустам Холмуродовнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб-сайтида эълон қилинган “Миллий ғоя миллат учун ҳаёт-мамот масаласи” номли мақоласида миллий ғоянинг ушбу таҳрирда, миллат тақдирида тутган ўрнига алоҳида аҳамият қаратилади.
Дарҳақиқат, мустақилликнинг дастлабки йилларида илгари сурилган, миллий деб номланган ғоялар кўзланган натижани бермади.
Бу эса нафақат халқ учун энг азиз бўлган таълимнинг барча бўғинларини фалажлади, балки мамлакатнинг ижтимоий-иктисодий юксалишига ҳам асос бўла олмади. Ҳақиқатдан ҳам, миллий ғоя, мақсадларга етказувчи восита бўлгандагина қўлланилади. Таҳлил қилинаётган мақоланинг муаллифи айнан шунга урғу берган менинг назаримда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: Йўл қўйилган хато ва камчиликларни таҳлил этган ҳолда, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиш бизнинг Янги Ўзбекистон давлатини яратишимизнинг ўзига хос йўли, заруриятидир...
Шу ўринда, савол туғилади. Мамлакатнинг эртанги ва бугунини самарадорлигини ошириш учун ҳаракатни қачондан бошлаш лозим? Бу савол бугун бутун дунё мамлакатларини қийнаб келмоқда.
Биргина ватанимиз миқёсида оладиган бўлсак, унда туғилиб вояга етаётган ёш авлодга қай даражада эътибор қаратиляпти? Уларга 5-7 ёшларида зарур бўладиган билимлар бериляптими?
Таълим ва тарбия жараёнларининг айни мактабгача таълим ёшидан то мактабни тамомлагунига қадар қамраб олиниши ўрта махсус билимга эга бўлган ёшлар учун бир томчи сувдек зарурдир. Бу улкан вазифа топширилаётган мутахассис-ўқитувчилардан замоннинг долзарб масалаларига бефарқ бўлмаслик, уларни моҳирона ўзлаштириш талаб этилади. Худди, бугунги кунда сунъий интеллект инсон миясини ва унинг диққатини банд этганидек миллатимизнинг “Янги кадрлари” ундан-да сирлилик ва ҳозиржавоблик билан ёшларни ўзига жалб қилиши зарур. Шундагина биз оғишмай ўз мақсадимизга эриша оламиз.
Юқорида айтилган фикрларнинг кенг мушоҳадаси Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг мақоласида ўзининг чуқур тасдиғини топган. Ватанимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиши учун барчамиз бирдек қайғуришимиз лозим. Мақола муаллифи фикрларини бефарқ қолдириш халқнинг ўз тақдирига бўлган бефарқлиги, деб биламан. Таълим соҳасига кириб келаётган ислоҳотлар негизида ўз замонасининг илғор кишиларини етиштириш мақсад қилинган экан, биз бу ғояларга ҳамоҳанг тарзда ҳаракатланиб ҳар бир имкониятдан унумли фойдаланишимиз талаб этилади.
Шоҳиста МАМАРАҲИМОВА,
Термиз давлат университети профессори,
филология фанлари доктори.