Чаканда қадимдан халқ табобатида кўпгина касалликларни даволашда фойдаланиб келинган. Меваси ва барглари тибет табобатида ўпкадан қон оқишини тўхтатишда ширин препаратлар сифатида фойдаланилган. Чаканда танаси ёғочининг ўзаги қоннинг қуюқлашувини ошириш учун, кўкйўтал оғриқларини ва иситмани камайтириш учун, кули – ингичка ичакдаги оғриқларни камайтириш учун ишлатилган. Халқ табобатида мевалари ва барги ошқозон ва ревматизм касалликларини даволашда қўлланилган.

    Чаканда мевалари поливитамин ҳисобланади, уларнинг таркибида А провитамини, В1, В2, В3, В6, С, Е, К витаминлар мавжуд. Меваларида 3-6% қандлар (глюкоза ва фруктоза), 2,5% гача органик кислоталар – олма, вино, лимон кислоталар, ошловчи моддалар, сариқ бўёвчи пигмент, кверцетин, мойли моддалар, фурокумарин, лейкоантоциан каби моддалар мавжуд. Чаканда мевалари ва қайта ишланган маҳсулотлари таркибида кўп миқдорда аминокислоталар ва минерал моддалар, ҳамда калий, магний ва кальций учрайди.

    Чаканда мева ширасидан олинган чаканда мойи каротин ва каротиноидлар, тиамин ва рибофлавин, токоферол ва мойли кислоталардан иборат бўлади.

    Чаканда мойи яраларни тузатувчи ва оғриқ қолдирувчи хусусиятларига эга, уни тери куйганда, совуқ урганда экземада, қийин тузалувчи яраларни даволашда, кўз, қулоқ, томоқ касалликларида қўлланилади. Витаминли восита сифатида гипо ва авитаминоз касалликларида, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак яраси касаллигида, организм радиоактив нурлардан зарарланганда ҳамда қизилўнгач ва ошқозон шиллиқ қаватидаги ўсмаларни нур терапияси ўтказилгандан кейин бўладиган генератив ўзгаришларни камайтириш мақсадида самарали қўлланилади.

    Чаканда мойи гинекологик амалиётда кольпит, эндоцервит, бачадон бўйни эрозиясига қарши кенг қўлланилади. У шамоллашга қарши ишлатилади, регенерацияловчи ва биостимуллаштирувчи хусусиятларга эга бўлиб, “Олазоль”, “Гипозоль” ва “Облекол” аэрозол препаратлар таркибига киритилган. Оғриқ қолдирувчи ва антисептик сифатида ҳам фойдаланилади. Чаканда мойи айниқса ангинани олиб ташлаш бўйича хирургик операциялардан кейинги даврда, ўткир ва хроник гайморит, атеросклероз касалликларида яхши самара беради. Уруғлари енгил сурги дори сифатида ишлатилади.

    Чаканда новда пўстлоғи экстракти ўсмалар ривожланишини тўхтатиш хусусиятларга эга. Гиппофеин алкалоиди саратон касалликларини рентгенотерапия усулида даволашдаги комплекс дори-дармонлар таркибига киритилган. Шу сабабли чаканда новдалари ва пўстлоғидан яраларга қарши кучли таъсирга эга биологик фаол моддалар, шу жумладан каротиноидлар, липофил моддалар, кумаринлар, флавоноидлар ва ошловчи моддалар олиш манбаси сифатида фойдаланиш мумкин.

    Чаканда меваларидан узоқ йиллар давомида озиқ-овқат маҳсулоти сифатида – янги терилган ва қайта ишланган ҳолида фойдаланилиб келинган. Улардан компотлар, мураббо, джем, шарбат, мармелад, нектар, ёғ, пюре, желе ва дамламалар тайёрланган.

    Чаканда меваси парфюмерия саноатида шампунлар, косметик крем, терини тозаловчи лосьон, сочлар учун бўёқ тайёрлашда фойдаланилган. Чаканда мойидан тайёрланган косметик маскалар тери эпителизациясини ва грануляциясини тезлаштиради, меваси ва новдалари дамламаси соч тўкилишининг олдини олади.

    Ветеринарияда чаканда новдалари билан қўйлар боқилади, бу уларнинг жунларини ўстириб, ялтироқлигини оширади. Барглари тери ошлашда ва бўяшда фойдаланилади. Чаканда меваларидан ўтмишда газламалар, ва жунли матоларни сариқ рангга бўяшда фойдаланилган, ёш новдалари ва баргларидан қора бўёқ олинган.

    Чакандадан тупроқ эрозиясига қарши курашишда ва тоғ-кон саноатида таназзулга юз тутган ерларни рекультивация қилишда унумли фойдаланиш мумкин.

    Чакандани ланцетсимон шаклдаги ва кумушсимон, зайтунсимон тусли барглари туфайли манзарали ўсимлик сифатида ва жонли девор сифатида кўкаламзорлаштиришда фойдаланиш мумкин.

    Табиий чакандазорлар маҳаллий ҳайвонот дунёси вакиллари ҳаётида муҳим аҳамиятга эга, айниқса чакандазорлар қирғовулнинг севимли макони ҳисобланади. Чаканда мевалари бутада қишгача тўкилмасдан сақланади. Дарё ва кўллар қирғоқларидаги кўплаб қушлар макони ҳисобланган мавжуд табиий чакандазорлар асосида қўриқхоналар ва овчилик хўжаликлари ташкил этилган.


Флора Қобулова,
СамДУ ўсимликлар физиологияси ва
микробиология кафедраси доценти.