Самарқанд давлат университетида “Трансчегаравий сув ресурслари танқислиги шароитида барқарорликни ошириш имкониятлари – Марказий Осиё мисолида” номли халқаро конференция ўтказилмоқда…
Самарқанд давлат университети, АҚШ нинг Илм-фан, муҳандислик ва тиббиёт академиялари, Калифорния ва Оклаҳома давлат университетлари билан ҳамкорликда мазкур ажуман ташкил этилган.
Конференциянинг асосий мақсади трансчегаравий сув ресурсларини дўстона бошқариш орқали узоқ муддатли ижтимоий барқарорликни таъминлашдан иборат. Шунингдек, трансчегаравий сувлардан фойдаланиш муаммолари ва илмга асосланган ечимларига қаратилган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
АҚШ, Япония, Германия, Италия, Иордания, Саудия Арабистони, Қувайт, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардан 50 нафарга яқин хорижлик олимлар нуфузли анжуманда қатнашди. Сув ресурслари тадқиқотлари халқаро институти, Жаҳон банки, ЮНEСКО, БМТ нинг Озиқ-овқат ташкилоти ва БМТ Тараққиёт дастури вакиллари шулар жумласидандир. АҚШ нинг қатор университетларидан: Калифорния, Оклаҳома, Техас, Тулане, Орегон, Бойсе давлат университетлари, Калифорния қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурслар университети, Германиянинг Бонн, Иорданиянинг фан ва технологиялар, Япониянинг Киото ва Тоттори, Саудия Арабистонининг фан ва технологиялар қироллик университети, Қозоғистоннинг Гумилёв, Қирғизистоннинг Марказий Осиё Америка университетлари, Тожикистоннинг Фан ва технологиялар инновацион маркази олимлари анжуман доирасида кўтарилаётган масалаларни муҳокама қилишди.
Олимлар томонидан трансчегаравий сув заҳиралари тўғрисидаги маълумотларнинг етишмовчилиги, сув ресурсларини моделлаштириш ва башоратлашдаги ютуқ ва камчиликлар, сув заҳиралари ва уларнинг турли тармоқларда фойдаланилиши, сув ресурсларини ўрганиш билан шуғулланадиган илмий-тадқиқот ташкилотлари ва улардаги муаммолар кўриб чиқилди. Конференция сув ресурслари етишмовчилигининг ижтимоий соҳа ва табиий муҳит заифлашишига таъсири, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда мактаб таълими ва олий таълимнинг ўрни, сув тақчиллиги муаммоларини бартараф этишда мақбул ислоҳотлар ва стратегияларни ишлаб чиқиш каби йўналишларда иш олиб бормоқда.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.