Самарқанд давлат университетининг 14 нафар талабаси Давлат ва Президент стипендиялари совриндори бўлди…
Бир киши Президент стипендияси, 10 талаба Навоий, 1 талаба Ислом Каримов ва 2 талаба Улуғбек номли давлат стипендияларига сазовор бўлди.
Саидмуҳаммад Ибодуллаев, СамДУ юридик факультети талабаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси соҳиби:
- Ўтган ўқув йилида Навоий номли давлат стипендияси соҳиби бўлдим. 2022 йил “Йил талабаси” республика кўрик танловида фахрли иккинчи ўринни эгалладим. “Энг яхши сайлов жараёни билимдони” республика кўрик танлови ғолибиман. Айни пайтгача илмий тадқиқот натижасида 27 та мақолам халқаро журнал ва конференция тўпламларида нашр этилган. Чет тилини билиш даражаси бўйича халқаро IELTS 7.0 (С1) сертификатини қўлга киритдим. Инглиз тилида эркин мулоқот қила оламан. Эришган натижаларим сабаб, Президент стипендияси соҳиби бўлдим. Бунда домлаларим кўрсатган йўл ва берган маслаҳатларининг ўрни беқиёс. Айниқса, илмий раҳбарим махсус ҳуқуқий фанлар кафедраси мудири, доцент Давлат Қурбоновдан миннатдорман. Бу мен учун унутилмас кунга айланди…
Озода Абдуллаева, СамДУ филология факультети талабаси, Навоий номли давлат стипендияси соҳиби:
- 2021 йил Президент гранти асосида Самарқанд давлат университети филология факультетига қабул қилиндим. Мен олтин давримнинг олтин кунларини ўтказмоқдаман. СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, доцент Шавкат Маҳмадиев илмий раҳбарлигида “Ўткир Ҳошимовнинг тил бирликларидан фойдаланасиҳ маҳорати” мавзусида изланишлар олиб боряпман. Ўндан ортиқ мақолаларим халқаро ва республика журналларида эълон қилинди. Умумтаълим фанини билиш даражаси тўғрисидаги сертификатга эгаман. Ҳар йили муваффақиятга эришаётган талабаларни, стипендиантларни кўриб ҳавас қилардим. Бугун мен ҳам стипендиант бўлдим. Конститутия куни олдидан оила аъзоларим ва яқинларимга муносиб совға бўлди. Бизга яратиб берилаётган имкониятлар учун Президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдорман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.