Ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлини ёритадиган чироқ бу албатта устоздир…
Биз устоз деганда, умрини илмга бағишлаган, ҳаёт тажрибаси катта инсонларни назарда тутамиз. Ҳар доим дарс беришга ишқибоз, олимликга даъвогарлар учраб туради. Мен бугун таваллуд айёми билан қутламоқчи бўлган устоз - отамдай улуғвор, онамдай азиз бўлган инсон Самарқанд давлат университети истиқлол даври адабиёти ва адабиёт назарияси кафедраси доценти Дилафрўз Жабборовадир. Устоз сизнинг исмингизни эшитган, таниган инсон борки, кўнглига илиқлик эниб, юзига табассум келади. Бизга - шогирдларингизга, ўзимизга бўлган ишончимиз сўнганда ҳам ишонч билдириб, юксак марралар сари руҳлантира олдингиз. Сиз истеъдодни қадрлаб, шогирдларининг камоли учун ўз жонию молини аямайдиган, жойи келганда содиқ дўст, чинакам инсон бўлдингиз. Биз қай соҳада бўлмайлик билдирилган юксак ишончни оқламоқлик нияти билан олға интилиб, ёниб, ёндириб яшаймиз! Таваллуд айёмингиз билан барча шогирдларингиз номидан чин қалбимдан табриклайман, устоз!
АДАБИЁТ МУАЛЛИМИ
Устозим Дилафрўз Жабборовага
Қодирий отилди, Чўлпон чалажон,
Фитратнинг қонини ювади осмон.
Вужудин ўтиндек ёқди, ҳечқачон
Руҳин ўлдиролмас, юрибди сарсон
Она халқим дея, Туркистон дея…
Ёв ўқ саслари тинганда охир,
Ўлим чангалини этмади писанд.
Ажалга рўбарў келганда, оғир,
Жилмайиб сўрашди: Ўлим сенмисан?!
Куймас ҳалқум дея, оғрир жон дея…
Адабиёт «Адаб» дарси деб билманг,
Бу миллат юзига тутилган кўзгу.
Ўз сўзингиз айтинг, жимгина ўлманг!
Кўзингиз ўтидан ҳайиқсин қузғун.
Ёнинг Ватан дея, юксак шон дея!
Дарсимиз якуни: Кўнгилдан сабоқ,
Қўл солинг ижодга юрак дарвоза.
Ўқувчим, кўзингга уйқу келса боқ:
Ҳар бир дарс шаҳидлар учун жаноза.
Парвозга шайланинг илмистон дея!
Шаҳризод Шодиев,
Самарқанд давлат университети
филология факультети битирувчиси.