Инсон ҳаётида ҳар бир даврнинг ўзига яраша аҳамияти ва беқиёс ўрни бўлади. Талабалик даври ҳам ана шундай унутилмас ва бетакрор хотираларга тўла бўлган умримизнинг баҳоридир. Бу даврнинг нақадар бетакрор, такрорланмас эканлигини ва унинг нега олтин давр дейишларини университетни битириб, мустақил ҳаёт остонасига қадам қўйганимизда, фикрлашимиз, дунёқарашимиз кенгайганида унинг нақадар гўзал бир давр бўлганлигини янада теранроқ англаб етар экан киши.

    Самарқанд давлат университети тарих факультетининг 2008-2012 йилларда таҳсил олган талабалари битирганимизнинг 10 йиллигини нишонлаш учун тарих факултетига ташриф буюрдик. Энг аввало университетдаги янги бинокорлик ишлари чин маънода бизни ҳайратга солди. Замонавий ўқув биноларнинг қурилганлиги, спорт майдончасининг бунёд этилганлиги ҳамда ҳали ҳам бинокорлик ишлари бўлаётганлигидан хурсанд бўлдик. Тарих факултетига кирар эканмиз беихтиёр, талабалик даврига қайтгандек бўлдик. Ўқиган вақтимизда бизга дарс ўтган устозларимизни кўриб беихтиёр севиндик. Бу эса бизга янада куч ва илҳом бахш этди.

    Ҳозирги кунда Самарқанд давлат университетида истеъдодли, салоҳиятли, бир сўз билан айтганда, ўз касбининг фидойи инсонлари илмий фаолият олиб бормоқда. Бу эса университетни буюк келажак кутаётганидан далолат беради.  

    Жонажон университетимизда айни вақтда Ўзбекистон тарихи кафедраси, археология кафедраси, жаҳон тарихи кафедраси, тарихшунослик ва манбашунослик кафедралари фаолият олиб бормоқда.

    Ҳар қанча қўмсамайлик, ёдга олмайлик ўша беғубор ва бетакрор талабалик давримиз бизда доимо ёрқин хотиралар билан қалбимизда қолади.

    Қаерга борсак ҳам биз Самарқанд давлат университети битурувчисимиз, деб баралла айтиб, фахрланиб юрамиз. Мен университетимизнинг кейинги илмий-ижодий ишларида муваффақият ва барча эзгу тилакларимни тилайман!

 

Орифжон Ҳабибуллаев,

Самарқанд давлат университети битирувчиси.