Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросининг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва аҳамияти
Самарқанд давлат университети филология факултетида Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросига бағишланган “Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросининг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференсия ўтказилди.
Анжуманда Туркия, Миср, Озарбайжон, Ҳиндистон, Покистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон Афғонистон каби давлатлар ва республика олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотларидан 80 га яқин олимлар иштирок этди. Тадбирда қатнашчилар ҳавола этган илмий тадқиқотлар асосида Заҳириддин Муҳаммад Бобур адабий меросининг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва аҳамияти хусусида илмий-назарий хулосалар муҳокама қилинди.
Жумладан, “Бобурнома” нашрлари, Бобурнинг янги топилган “Тақтиъ” рисоласи , Бобуршоҳ ва бобурийлар даврини акс эттирган турк адибларининг тазкиралари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг географик мероси хусусида қатор илмий-назарий мақолалар илм-фанга тақдим этилди.
Ялпи мажлисдан сўнг, конференсия ўз ишини “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даври адабиёти”, “Бобурнома”нинг жаҳоний ўрни ва шуҳрати”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур: тил, услуб ва таржима”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва замонавий адабиёт”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тарих, этнография, давлатчилик ва ҳуқуқ масалаларига доир қарашлари”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бобурийлар даврида география, экология, таълим ва тарбия” каби шўбаларда давом эттирди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Унинг биргина “Бобурнома” асари ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг йирик дурдоналаридан бири сифатида ҳар томонлама таҳлил ва тадқиққа муносибдир.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар