Халқаро конференция ўтказилади...
2024 йил 17-18 май кунлари Самарқанд давлат университетида “Антропоген ландшафтшунослик: тадқиқот методлари, модернизация ва барқарор ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтади.
Нуфузли анжуманда Ҳиндистон, Германия, Полша, Руминия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Белоруссия каби давлатлардан 50 га яқин олимлар иштирок этиши кутилмоқда.
Конференциянинг мақсади мамлакатимиз ва бошқа хорижий давлатларда олиб борилаётган антропоген ландшафтшунослик тадқиқотларнинг назарияси, тажрибалари, долзарб муаммолари ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилишдан иборат. Шунингдек, иқтидорли ёш олимларни антропоган ландшафтшуносликнинг истиқболли илмий йўналишларига жалб қилиш ҳамда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган.
Анжуман иштирокчилари антропоген ландшафтшунослик тадқиқотларда GIS технологиялари ва инновацияларни қўллаш, антропоген ландшафтларни тадқиқ этишда замонавий ижтимоий-иқтисодий географик тадқиқотлар, атроф-муҳит мониторинги, ландшафтлар экологияси, глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларидан фойдаланиш каби муаммоларни ечимига бағишланган мавзуларда маърузалар қилиши режалаштирилган.