Япон мушмуласи – дармондори неъмат

Инсон пайдо бўлибдики, табиат неъматларидан ва унинг гўзалликларидан баҳраманд бўлиб яшаб келади. Бугун одам ва табиат бир-бири билан шундай чамбарчас боғланганки, уларни айро тасаввур қилишнинг имкони йўқ. Олимларимиз томонидан олиб борилган текширишлар эрамиздан минг йиллар олдин ҳам ўрик, шафтоли ва олхўрига ўхшаш мевали ва манзарали ўсимликлар бўлганини кўрсатади. Инсоният тарихида XII-XV асрларга келиб боғдорчилик жуда ҳам сезиларли даражада ривожланган. Боғларда мевали ва манзарали дарахтлар учун алоҳида жойлар ажратила бошланган.
Мевачилик ва боғдорчилик қишлоқ хўжалигининг етакчи юксалган тармоқларидан бири бўлиб, аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари ва чорвачилик учун ем-хашак, кўпгина енгил саноат тармоқларига хомашё етказиб беришдек мураккаб вазифаларни ўз олдига олий мақсад қилиб қўйган. Мавсумийлик, янги ўсимликлар, навлар ва янги технологиялар яратиш давр талаби эканлигини инобатга олсак, интродукциянинг асосий тармоғи сифатида дала экинлари, уруғларнинг биологик ҳамда экологик хусусиятларини ўрганиш ва маълум тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган илғор технологияларни ишлаб чиқариш муҳим ҳисобланади. Ўсимликдан юқори ҳосил олиш йўлларини аниқлашда, энг аввало, ўсимликларнинг биологик хусусиятларини билиш жуда муҳим аҳамият касб этади. Ўсимликнинг ташқи муҳитга бўлган талаби ўрганилганда ва унинг иссиқликка, ёруғликка, сувга, озуқага ҳамда тупроққа бўлган талаби ҳисобга олиниши керак.
Япон мушмуласи мевасининг шакли ва катталиги ёввойи олмага ўхшайди. Ранги нимсариқ, пишиш олдидан қорамтир бўлади. Яхши пишганининг пўстини қўл билан арчиб ейилади, пўсти шафтоли пўстидан қалинроқ бўлади. Мазаси бир оз нордон-ширин. Очиқ майдонда ўсадиган навларида май, июнь ойларида меваси пишади. Резавор мева сифатида хонадонларда экилади. Мушмула меваси диаметри 3 сантиметргача, маданий навлари 10 сантиметр бўлади. Бир дона меваси 30 граммгача.
Япон мушмуласи жуда доривор ўсимликдир. Ўсимликнинг барги, пўстлоғи, хом мевасида ошловчи модда бор бўлиб, тери ошлашда ишлатилади. Баргларида жуда кўп қимматли моддалар - антиоксидантлар, танинлар ва чангни ютувчи моддалар мавжуд. Ўсимлик баргларининг қайнатмаси диареяда фойдаланилади. Бунинг учун бир ҳовуч мушмула барги сувда қайнатилиб, 4 соат давомида тиндирилади. Тайёр дамлама овқатдан ярим соат олдин ичилса, касаллик шу заҳоти чекинади. Ушбу восита холестеролни пасайтиришга ва токсинларни олиб ташлашга ёрдам беради.
Ёш барглари таркибида сапонин бор. Япон мушмуласи дарахти атрофида кўп турган одамнинг боши оғриши мумкин. Шунинг учун япон мушмуласи дарахти олдида кўп вақт туриб бўлмайди. Ёш шохлари ва барглари ҳайвонларга яхши ем-хашак, сифатли тўйимли озуқа бўлади. Барги ва гули Франция, Испания давлатларида парфюмерияда ишлатилади. Мушмула меваларида темир, калций, калий, фосфор, йод, магний, цинк, селен, натрий, фруктоза, сахароза, лимон, олма органик кислоталари. А, С, Б1, Б2, Б3, Б6, Б9 витаминлари, пектинлар, танинлар ва ошқозон-ичак касалликларидан тикланишга ҳисса қўшадиган, ичак фаолиятини нормаллаштирадиган, буйраклардаги тошлар сабаб қўзғаладиган оғриқни енгиллаштирадиган фитонсидлар мавжуд.
Моҳигул Шукурова
Самарқанд давлат университети
Биология факультети магистри.