83 ёшни қаршилаётган олима, физика-математика фанлари номзоди Гулжаҳон Аҳмедова билан суҳбат

    Самарқанд давлат университети ядро физикаси ва астрономия кафедраси доценти Гулжаҳон Аҳмедова университетнинг фахрий олималаридан. Ядро физикаси мутахассислиги бўйича физика-математика фанлари номзоди. 60 йилдан бери талабаларга физика фанининг сир-асрорларини ўргатиб келади. Олиманинг илмий-педагогик фаолияти кўп қиррали. Ядро физикаси соҳасида 10 дан ортиқ дарслик ва ўқув қўлланмалар, 200 га яқин мақолалар муаллифи. Гулжаҳон Аҳмедова муаллифлигида яратилган “Атом физикаси” ўқув қўлланмаси “Йилнинг энг яхши дарслик ва ўқув адабиёти муаллифи” республика танловида 3-ўринни қўлга киритган. “Меҳнат фахрийси”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 15 йил”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигига 30 йил” эсдалик нишонлари соҳибаси. Олиманинг узоқ йиллар давомида атом ва ядро физикаси асосларини ўрганиш юзасидан олиб борган тадқиқот натижалари ҳали ҳануз физик олимлар орасида эътироф этиб келинмоқда.

    - Нима учун илм-фан йўлини танлагансиз?

    - Мактабда физика фанига жуда қизиқардим. Фақат аъло баҳоларга ўқиганман. Физика ўқитувчимиз фанга бўлган қизиқишимни кўриб, “Сен физик бўласан” деб қўлимдан етаклаб, Самарқанд давлат университетининг физика факультетига олиб келган. Омадим бор экан, биринчи уринишдаёқ, талаба бўлдим. Университетда ўқиш давомида физика сир-асрорларини ўрганиб борар эканман, бу соҳани келгусида ҳам давом эттириш истаги пайдо бўлди. Ўқишни тугатиб, ядро физикаси кафедрасига ассистент бўлиб ишга кирдим. Аста-секинлик билан илмий тадқиқотларимни бошлаб, “Атроф-муҳит намуналарининг радиоактивлигини ярим ўтказгичли гамма-спектрометрик усулда текшириш” мавзусида номзодлик диссертациямни ҳимоя қилдим. Радиоактив элементлар табиий равишда тупроқ таркибида учрайди. Тупроқдан унда ўсаётган ўсимликлар таркибига ўтади. Инсон табиий маҳсулотларни истеъмол қилганда улар организмга тушади. Агар бу моддалар меъёрдаги миқдорда бўлса зарарсиз, аммо белгиланган меъёрдан ортиқ миқдорда организмга кирадиган бўлса бўлса, ҳаёт учун хавфли бўлган касалликларни келтириб чиқариши мумкин. Тадқиқотим турли ўсимлик ва моддаларнинг радиоактивлик даражасини ўрганиш масалаларига қаратилган.

    - Аёл кишига ҳаётда ўз ўрнини топа олиши учун керак бўлган учта асосий омил?

    - Аввало сабр керак. Иккинчи ўринда масъулият. Ҳар қандай ишга нисбатан масъулият билан ёндашиш муҳим. Учинчиси - меҳнат.

    -Аёл кишига таниқли бўлиш қай даражада керак?

    -Таниқли бўлиш нисбий тушунча. Мен ҳеч қачон машҳур бўлишга ҳаракат қилмаганман. Бунга вақтим ҳам бўлмаган. Бўш вақт топдим дегунча, оилам ва фарзандларим даврасида бўлишга ҳаракат қилардим. Ҳамма фарзандимни университетга кириш учун ўзим тайёрлаганман. Ҳозирда улар жамиятнинг турли соҳаларида фаолият юритишяпти.

    - Армонингиз борми?

    - Бугун шундай тинч-осуда замонда, фарзандларим, невара ва эвараларим ардоғида умргузаронлик қилиб келяпман. 13 невара ва 30 га яқин эвараларнинг бувисиман. Аллоҳга шукр, уларнинг ҳаммаси ҳаётда ўз ўрнини топган. Севимли ишим бор. Талабаларим, шогирдларимнинг “устоз” деган ҳар бир сўзидаги меҳр ва ҳурмат ҳаётдан мамнун яшашимга йўл очади. Менда яна қандай армон бўлиши мумкин?!

    - Умрингиз давомида ўз олдингизга қўйган барча орзу ва мақсадларга тўла-тўкис эриша олдингизми?

    -  Бир инсон илм орқали нималарга эришиши мумкин бўлса, деярли барчасига эриша олдим деб ўйлайман.

    - Илм-фан йўлидан кетиш умидида бўлган хотин-қизларга, ёш аёл тадқиқотчиларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берган бўлардингиз?

    - Олима аёлнинг куни - иши ва оиласиники, туни – илмники. Илм йўлини танлаган аёл мана шу ҳақиқатни тан олиши лозим. Тўй-базм, гап-гаштак, умуман дунёвий ишлардан нарида яшаши керак. Оила бу алоҳида масала. Мен кунимни ишим ва оилам учун бағишлайман. Туним китоб билан ўтади. Илм билан машғул бўламан. Бошқа ишларга табиий равишда вақт йўқ. Тўғри, бу осон эмас. Фарзандларим ёшлигида бироз қийналганман. Кундузи иш, уй юмушлари билан банд бўлиб, ярим тунда дарс қилишга ўтирардим. У пайтлар ҳамма дарсликлар русча эди. Берилган мавзуни аввал ўзбекчага таржима қилиб, талабаларга тушунтириб бериш учун тайёр бўлгунча, қандай қилиб тонг отганини сезмай қолардим. Шу билан янги кун бошланарди. Бу даражага етиб келгунимча қанчадан-қанча тунларим ана шундай бедор ўтган.

    Илм олишга ҳеч қачон эринмаслик керак. Айниқса, физика фани алоҳида жонкуярликни талаб қилади. Шу сабабли, бу йўлдаги хотин-қизларга биринчи ўринда сабр-матонат, ҳафсала ва масъулият керак бўлади.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.