Самарқанд давлат университетида Германиянинг Миттелҳессен амалий фанлар университети билан ҳамкорликда қўшма кафедра тузилади (ми?)

Германиянинг Миттелҳессен амалий фанлар университети профессори, физика-математика фанлари доктори Клаус Беҳлер мазкур кафедранинг ташкил этилиши юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Самарқанд... Бугун ушбу шаҳарга илк марта ташриф буюрдим. Мен Самарқанд ҳақида мактаб вақтимда тарих фанидан хабар топганман ва бу ҳозиргача хотирамда сақланиб қолган. Самарқанднинг илм-маърифат маркази бўлганлигини кўп бора эшитганман. Албатта, ҳар бир шаҳарнинг маданият марказига айланишида ўша шаҳарда жойлашган олий таълим муассасаси ва бошқа таълим даргоҳларининг ўрни катта. Самарқанднинг ҳам мана шундай довруғ қозонишида ўз вақтида Мирзо Улуғбек мадрасаси муҳим рол ўйнаган бўлса, ҳозирги кунда бу вазифани Самарқанд давлат университети бажармоқда.
Ўзим лазер технологиялари бўйича мутахассисман. Биз ДААД ташкилоти гранти лойиҳаси доирасида университетингиз билан ҳамкорликда Амалий физика қўшма кафедрасини ташкил этмоқчимиз. Бугунги ташрифимизда кафедра очиш учун дастлабки имкониятларни ўрганиб чиқиш, физика факультети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашиб, улар билан фикр алмашишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.
Ушбу кафедра физика соҳасида жорий қилинаётган энг сўнгги янгиликларни тезкорлик билан амалиётга жорий қилиши билан ажралиб туради. Германиялик ва Ўзбекистонлик олимларнинг ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликда бундай лойиҳага қўл уриши қувонарли, албатта.
Биз Самарқанд давлат университети билан кўп лойиҳаларни амалга оширишни режа қилганмиз. Хусусан, кафедра ташкил этилгандан сўнг, ўз-ўзидан талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинув дастури фаолиятини бошлайди. Бу университетларимиз ўртасидаги икки тарафлама алоқаларни янада кучайтиришга, дўстона муносабатларнинг шаклланишига хизмат қилади, деган умиддаман.
Отабек Саъдуллаев,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.