Самарқанд давлат университети битирувчиси, Хитой Фанлар Академияси Кимё институти докторанти Фирдавс Турсунов шу хусусда ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.

    - Самарқанд давлат университети кимё факультетида магистратура босқичини муваффақиятли тугатганимдан сўнг, 2017 йил Хитой Фанлар Академияси Кимё институтида докторантура босқичида таҳсил олиш учун грант совриндори бўлдим.

    “Мусофир бўлмагунча, мусулмон бўлмайсан” деб бежиз айтишмаган экан. Чет элда ўқиш биз ўтириб тасаввур қиладиган даражада осон эмас. Оиладан, ватандан узоқда яшаб, илм олишнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор.

    Хитой талабаларининг 90 фоизи ўқишга жиддий ёндашади. Чунки уларда имтиҳон топшириш қийин. Агар сиз имтиҳондан йиқилсангиз, ҳеч қандай таниш билишчилик ва “танка” ўтмайди. Курсдан курсга қолдириласиз ёки ҳайдаласиз…

    Талабалар кўпроқ билим олиш мақсадида куннинг асосий қисмини университетда, хусусан кутубхонада ўтказади.

    Талабаларнинг катта миқдори чет тилини билгани сабаб, кўплаб илмий ишларда юқори импакт факторли журналларни ўқиб, улардан олинган маълумотларга асосланиб илмий иш қилишади. Мен ҳозиргача фақатгина хитой тили билангина чекланиб қолган ёшларни учратмадим. Яна бир яхши томони улар интернетдан жуда ҳам унумли фойдаланишади.

    Ҳозирги кунда дунёда илмий ишлардан тортиб, ишлаб чиқаришгача  Хитой пешқадамлик қилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бунга энг муҳим сабаблардан бири уларнинг илмий лабораторияларида моддий-техник базанинг тўлиқ таъминланганлигида деб ўйлайман. Илмий иш қилмоқчи бўлган кимё йўналишидаги тадқиқотчи лабораторияда реактивлар ёки намуналарни анализ қилиш учун керакли инструментлар ҳеч қачон муаммо туғдирмайди.

    Худди шундай шароитларга эга бўлган олий таълим муассасаларидан бири бу мен грант ғолиби бўлган Хитой Фанлар Академияси Кимё институтидир. У ерда ХХI асрнинг фан ютуқларидан бири бўлган нанокимё йўналишида “ТiО2 нанозаррачаларини синтез қилиш ва синтез қилинган нанозаррачаларни ҳосил бўлиш механизми ўрганиш” мавзусида илмий иш олиб бормоқдаман. Нанозаррача бу - ўлчами 100 нм дан кичик бўлган заррача. ТiО2 кимё саноатида, тиббиётда антибактериал қопламаларда ва халқ хўжалигининг турли соҳларида кенг қўлланилади.

    Афсуски 2019 йил пандемия сабаб барча талабалар Хитойдан ўз давлатларига қайтишди. Шулар жумласидан, мен ҳам. Шундай бўлса-да Хитойлик профессорлар билан алоқани узмаган ҳолда онлайн доимий мулоқотда бўлиб, ҳимояга тайёрланяпман. Ҳозирда СамДУ кимё факультетида ўз фаолиятимни давом эттириб келмоқдаман. Хитойда олинган тажрибалар ва билимларимни талабалар билан бўлишмоқдаман. Йўллар очилгандан сўнг, яна Хитойга ёки бошқа давлатларга бориб янада кўпроқ изланишлар қилиш ниятим бор…

 

Отабек Саъдуллаев,

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган сурат.