Фалсафани билмаган одам ўз ҳаётининг моҳиятини тушунмайди (ми?)

– Дунё кейинги йилларда ниҳоятда тез ўзгариб, шиддат билан янгиланиб бормоқда, - дейди Самарқанд давлат университети юридик факультети магистри Ситора Раҳмонбердиева. - Мустақил тараққиёт йўлидан собитқадамлик билан одимлаётган мамлакатимиз ҳаётида ниҳоятда муҳим жараёнлар рўй бермоқда. Юртимиз ривожининг янги даври бошланиб, халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва тараққий этган фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган азму-қарори эскирган ақидалардан тамоман воз кечиш ва замонавий тафаккурни шакллантиришни давр талабига айлантирди. Бугунги кунда ўзбек фалсафасининг вужудга келиши фалсафий тафаккурнинг янгиланиши нафақат умумий маънавий муҳитнинг, балки ҳар бир жамият аъзосининг ижтимоий қиёфаси, руҳий дунёси, мақсад ва эҳтиёжларининг ўзгариши ҳамдир. Фалсафа барча фанларнинг отаси. Фалсафани билмайдиган одам - медицина ёки таълим, санъат ёки маданият соҳаси вакили бўладими, бундан қатъий назар - ҳаётнинг, ўз касбининг маъно-мазмунини яхши тушунмайди. Мисол учун, тарихни таҳлил қилиш учун ҳар бир воқеа ва жараёнга фалсафий қараш, уларни умумлаштирган ҳолда зарур хулосалар чиқара олиш керак. Шу боис ҳар бир соҳа вакили бўлиши учун фалсафий тафаккур қобилиятига эга бўлиш даркор.
Маълумки, фалсафа умуминсоний фан сифатида башариятга доир муаммоларни қамраб олади. Аммо ҳар қандай умуминсоний мавзу ва муаммолар аввало, хусусий, миллий, минтақавий аҳамиятга молик, муайян халқ ҳаёти, унинг тарихи ва тақдири, тафаккури ва дунёқараши билан боғлиқ масалалар тарзида намоён бўлади. Ўзбек фалсафаси ҳам шундай, у ҳам халқимиз билан бирга шаклланган, тарих силсилалари, замона зайллари, турли ижтимоий ва сиёсий жараёнлар орасидан ўтиб, муттасил янгиланиб ва такомиллашиб борган. Бу эса, ўз навбатида, умуминсоний фан бўлган фалсафада миллийлик, яъни бирор бир халқ дунёқараши ва тафаккурига хос хусусиятлар муқаррар тарзда акс этишини англатади.Шу ўринда ўзбек фалсафасини ҳам қайси даврлар ривожланганлиги, бугунги Янги Ўзбекистондаги фаолияти ва такомиллаши бизнинг бевосита муваффақиятимиздир.
Тадқиқотчи “Ўзбек фалсафасининг шаклланиши ва ривожланиши” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради. Мазкур мавзу бўйича 20 га яқин мақолалари республика ва халқаро нашрларда чоп этилган. Илмий раҳбари фалсафа ва миллий ғоя кафедраси мудири, профессор Соибназар Каримов.
Ирода Бекмуродова
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат Акрамов олган суратлар.