Самарқанд давлат университети математика факультетида Ўзбекистон Қаҳрамони, Фанлар Академияси академиги, физика-математика фанлари доктори, профессор Шавкат Аюпов иштирокида “Академик ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди. Унда Самарқанд давлат университети математика факультети талабалари ҳамда СамДУ қошидаги академик лицей ўқувчилари қатнашди. Тингловчилар академикнинг илм-фан соҳасида босиб ўтган йўли, эришган муваффақиятлари ҳақида олимнинг ўзидан етарлича маълумот олдилар. 

     – Самарқанд математика мактаби республикамизнинг энг таниқли ва олди мактабларидандир, - дейди Шавкат Аюпов, - Бу ерда нафақат юртимиз, балки бутун дунё бўйлаб муҳим аҳамиятга эга бўлган илмий тадқиқотлар олиб борилади. Масалан, дифференциал тенгламалар, математик физика каби соҳалари шулар жумласидан. Ўзбекистон Фанлар Академияси Математика институти қарийб 30 йилдан буён Самарқанд давлат университети билан ҳамкорлик қилиб келади. Икки йил аввал СамДУ қошида Математика институтининг янги бўлинмаси очилди. Университет математик олимлари ва ЎзРФА илмий ходимлари биргаликда кўплаб тадқиқотларни амалга ошириб келмоқда. Бу каби ишлар илм даргоҳларининг дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини янада юқори босқичга кўтаришда муҳим ҳисобланади.

    Шунингдек, талабалар билан олиб борилган савол-жавоб ва мунозаралар тингловчилар учун ўзларини қизиқтирган саволларга тўғридан-тўғри академикдан жавоб олиш имконини яратди.

    – Бугунги учрашув мен учун таассуротларга бой бўлди, - дейди математика факультети талабаси Сирожиддин Бобоқулов, - таниқли академикдан жуда кўп фойдали нарсаларни ўргандим. У кишининг математика илмига қўшган ҳиссаси ниҳоятда катта. Учрашув давомида академикнинг математика ва техника соҳаларини бирлаштириш борасидаги фикрлари менда жуда катта таассурот қолдирди. Айниқсам математиканинг назарий ва татбиқий йўналишларида ўрганилиши керак бўлган масалалар ҳақидаги таклифлари илмий тадқиқот қилмоқчи бўлган биз каби талабалар учун ниҳоятда фойдали бўлди.

 

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими.

Шавкат Акрамов олган суратлар.