Олим сифатида айтишим мумкинки, анча йиллар аввал бошланган, лекин маълум сабабларга кўра тўхтаб қолган икки мамлакатнинг илм-фан соҳасидаги ҳамкорлиги бугун яна қайта тикланмоқда. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда таҳсил олган одамлар Тожикистонда, Тожикистонда ўқиган инсонлар Ўзбекистонда ишлайдиган кадрлар алмашинуви тизими мавжуд бўлган. Хусусан, Самарқанд давлат университетининг тўрт нафар битирувчиси: Султон Умаров, Муҳаммад Осимий, Акобир Адҳамов, Исроил Исмоиловлар Тожикистон Фанлар Академиясининг академиги бўлган. Султон Умаров ва Муҳаммад Осимий Тожикистон ФА президенти лавозимида узоқ йиллар давомида фаолият олиб борганига тарих гувоҳ. Бу жараёнлар профессор-ўқитувчиларнинг илмий тадқиқотлари, ўзаро туризм ва бошқа кўринишларда давом этган.       

    Бироқ 90 йиллардан сўнг  чорак аср давомида мамлакатларимизнинг илмий алоқалари маълум даражада сусайди. Айниқса, аниқ фанлар соҳасидаги ҳамкорлик умуман тўхтаб қолди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси, яқин қўшничилик муносабатларини тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари туфайли бугун биз ушбу алоқаларни қайта ўрнатмоқдамиз.

    Яқинда Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган Москва давлат университети Душанбе филиалининг 30 йиллигига бағишланган “Математика ва информатика фанларининг замонавий муаммолари” мавзусидаги XII халқаро конференция бунинг яққол исботи бўла олади.

    Мазкур конференцияга Самарқанд давлат университетидан олимлар таклиф этилиб, биз ҳам ушбу анжуманда қатнашиш имкониятига эга бўлдик. Унда дунёнинг турли минтақаларидан 308 нафар делегат иштирок этди.

    Анжуманда “Ноёб тупроқ альюминоборатларининг магнит хоссалари” мавзусидаги маъруза билан қатнашдим. Сўзим аввалида, юртимизда олимларга берилаётган эътибор, уларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва яратилаётган янги имкониятлар ҳақида маълумот бериб,  университетимизнинг бугун ўз олдига қўйган мақсадлари ҳақида тўхталиб ўтдим. Ректоримиз, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг ташаббуси билан СамДУ нинг ўтмиши қайта ўрганилаётгани, университетимиз 600 йиллик тарихга эга эканлиги тўғрисида айтганимда, улар бу фикрни қўллаб-қувватлаб, Самарқанднинг қадимий илм-маърифат ва маънавият маркази эканлигини эътироф этишди.

    Шунингдек, конференция давомида Академик Муҳаммад Осимий номидаги Тожикистон давлат техника университети раҳбарияти Самарқанд давлат университетининг физика факультетига қизиқиш билдириб, университетимиз билан ҳамкорлик қилиш истаги юқори эканлигини таъкидлади.

    Москва давлат университети геология кафедраси профессори Наталя Артамонова, Хитой геология университети профессор-ўқитувчилари Чжоу Бичен, Ху Цзяболар билан нефт ва газ фойдали қазилмаларини ахтаришнинг физикавий жиҳатларини муҳокама қилдик. Бу икки тараф учун ҳам манфаатли бўлди деб ўйлайман.

    Анжуманда қатнашчилар Марказий Осиёда ягона бўлган Самарқанд давлат университети магнитизм мактаби ҳақида билдирган фикрлари мени янада хушнуд қилди. Ўтган давр мобайнида мазкур мактаб 20 дан ортиқ фан докторлари, номзодлари тайёрлади. Кўплаб халқаро конференцияларда муносиб иштирок этиш билан бир қаторда, 5 га яқин халқаро конференцияларга мезбонлик қилди.

    Биз барчамиз эътиқоди якдил, қон-қариндош халқмиз. Ўтган давр мобайнида не-не машаққатларни бошимиздан ўтказдик, биргаликда турли тўсиқларни енгиб ўтдик. Ҳаттоки, қариндошимизни кўргани ўта олмайдиган вақтларимиз бўлди. Лекин мана бугун тинч-тотув, хотиржамликда, бир кун Самарқандда, бир кун Душанбеда бўлиб, қариндош ва дўстларимиз орасида ҳаёт кечирмоқдамиз.

    Ўйлайманки, мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда олиб борилаётган ҳамкорлик алоқалари қаторида илм-фаннинг интеграциялашуви икки юрт олий таълимини ривожлантиришга муносиб ҳиссасини қўшиб, ўз самарасини кўрсатади.

Облоқул Қувондиқов,

Самарқанд давлат университети профессори,

физика-математика фанлари доктори.