Гендер тенглиги бизга нима учун керак?

- “Аёллар муаммоси” ўзи нима?
- 68% мактаб қизларининг касб танлашда мустақиллик даражаси пастлиги нимани англатади?
ХХ - ХХI асрларда жамиятнинг долзарб муаммоларидан бири сифатида гендер тенглик масалаларини қайта кўриб чиқиш ва уни амалий ўзгартириш масалалари катта ўрин эгаллаган. Ушбу ўзгаришларнинг асосий йўналиши аёлларнинг меҳнат ва ижтимоий фаолиятнинг турли соҳаларида тутган ўрни ва ролига янгича қарашда, ҳар иккала жинс вакилларининг мотивлари, манфаатлари, позитсиялари ва фаолиятининг уйғунлиги ғоясидадир.
Ўзбекистонда сўнгги йилларда гендер тенгсизлигини бартараф этиш бўйича ишлар фаоллашди. Гендер сиёсати муаммолари, гендер тадқиқотлари, айниқса, “Аёллар муаммоси” билан боғлиқ масалалар расмий даражада давлат сиёсатининг устувор масалалари қаторига киритилган. Хотин-қизларнинг мавқейини ошириш, айниқса, уларнинг ҳуқуқларини қонуний ҳужжатлари орқали ҳимоя қилиш ва кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Замонавий ўсмирларнинг касб танлаш муаммосини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, мактаб битирувчилари гендер хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда кейинги касбий йўналишларни белгилаш ва режалаштиришда катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу каби ҳолатда маҳалла, оила ва таълим муассасининг ҳамкорлиги етакчи ўринни эгаллайди.
Сандра Бемнинг "Эркаклик, аёллик ва шахснинг гендер тури" усули, Ж. Голланднинг шахсиятнинг профессионал турини аниқлаш учун ўзгартирилган усули, Э. А. Климов томонидан дифференциал диагностика сўровномаси асосида олинган тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, бугунги кунда мактаб ўқувчиларининг аниқ касбий режаси йўқ, уларнинг аксарияти (68%) касб танлашда мустақиллик даражаси пастлигини кўрсатмоқда.
Натижаларга кўра, йигитлар орасида меҳнатни касбий тақсимлаш масалаларида гендер стереотипларига амал қилиш даражаси 70,8 фоизни ташкил этади. Қизлар меҳнат тақсимоти бо'йича кўпроқ либерал ғояларга эга: улар 42,3 фоиз касбларни "эркак" ва "аёл" га тақсимлашдаги стереотипларни ҳозирда аҳамиятсиз деб ҳисоблайди. Тадқиқот жараёнида гендер хусусиятлар асосида ўқувчиларнинг касб танлашдаги афзалликлари аниқланиб олинмоқда.
Гендер ижтимоийлашув мактаб ўқувчиларининг ривожланиши ва мослашуви жараёнининг муҳим таркибий қисми бўлиб, шахсий ва касбий соҳаларда ўзини ўзи белгилашга ёрдам беради.
Ўсмирларнинг гендер ижтимоийлашувини ҳисобга олиш боланинг касб танлаш истиқболларини амалга ошириш ички тайёрликни шакллантиришга ёрдам беради. Бунда гендер ёндашув асосида ўқувчи-ёшларни касбий йўналтиришга қаратилган интенсивлашган дидактик таъминотларни таълим жараёнида тадбиқ қилиш билан изоҳлаш мумкин. Бунда ёшларни, асосан, кичиклигидан бошлаб китобга ошно қилиш, ўз фикрини эркин баён қила олиш имкониятини бериш ҳамда уларни тинглаш муҳим аҳамият касб этади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва уларда пайдо бўлаётган янги фикр ва ғояларни қўллаб-қувватлаш уларда ўзига бўлган ишончни янада ортишига хизмат қилади.
Шоҳсанам Баротова,
Самарқанд давлат университети докторанти.