Янги Ўзбекистон Конституцияси

инсон шахсининг дахлсизлигини, унинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини мутаҳкамлайди ва кафолатлайди...
Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Сенатор, Конституциявий комиссия аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган навбатдаги мулоқоти Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ўтказилди.
Тадбирни Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов кириш сўз билан очди.
Рустам Холмуродов “Инсон-жамият-давлат” деган тамойил асосида кенг жамоатчилик томонидан берилган таклифлардан келиб чиқиб, "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни мазмун-моҳияти, ҳар бир боб ва моддага киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Конституциямизнинг 60 дан ортиқ моддаларига 200 дан ортиқ тузатишлар киритилиши назарда тутилаётганлиги айтиб ўтилди. Хусусан, Конституциявий тузатишлар билан бош қонунимиздаги меъёрлар, авваламбор, жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб бўлган фуқароларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва экологик ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга ва ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларга айланиши алоҳида таъкидланди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.