Маҳалла мақоми мустаҳкамланмоқда…

Самарқанд темир йўл транспорти касб-ҳунар коллежида “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Унда «Зиёкорлар», «Зиёлилар», «Форобий» маҳалла фаоллари иштирок этди.
Самарқанд давлат университети рақамли технологиялар факультети декани, доцент Абдусаттор Бобоёров билдирилаётган таклифларни маҳалла фаоллари билан муҳокама қилди.
Қонун лойиҳаси муҳокамасида ҳар бир зиёли фаол иштирок этиши зарурлиги алоҳида таъкидланиб, кейинги йилларда таълим, маҳалла, тиббиёт тизимида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, Конституцияга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр билдирилди.
- Конституциямиз 30 йил давомида халқимиз учун хизмат қилиб, ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоя қилди, - дейди Абдусаттор Бобоёров. - Қонун лойиҳаси муҳокамаси бўйича 66 мингдан зиёд таклиф ва мурожаатлар келиб тушган. Бу халқнинг Ватан тақдири ва келажаги, равнақига бефарқ эмаслигини кўрсатади…
- Юртимизда бўлаётган ўзгаришларга бефарқ эмасман, янгиликларни кузатиб, ўзимча таҳлил қилиб чиқдим, - дейди «Зиёкорлар» маҳалласи фаоли Муҳаррам Ҳайдарова. - Сўнгги 6 йилда юртимизда катта ўзгаришлар юз берди. Ҳар бир соҳа вакилининг дарди тингланмоқда, ҳал этилмоқда. Ислоҳотлар инсон қадр-қиммати, шаънига қаратилган. Конституциядаги 128 модданинг 66 тасига жами 200 дан ортиқ ўзгартириш киритилиши таклиф этилган. Мен ишонаманки, буларнинг барчаси инсон ҳаётининг янада яхшиланишига хизмат қилади...
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.