Ижтимоий тармоқларда Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва ишчи-ходимларининг бир кунлик иш ҳақини мажбурлаб «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳисоб-рақамига ўтказилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 апрель № 199-Ф  сонли фармойишининг 8-бандига биноан, умумхалқ ҳашарини ўтказиш муносабати билан вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ихтиёрий маблағларини Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг республика бошқаруви ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмаларининг банкдаги ҳисобварақларига ўтказиш тавсия этилган.

    Самарқанд давлат университети профессор-ўқитувчилари ва ишчи ходимларидан 725 нафари ихтиёрий равишда ўз аризаларига биноан бир кунлик иш ҳақини «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг ҳисоб рақамига ўтказилишини сўраб мурожаат қилган.

     Уларнинг аризасини Самарқанд давлат университети молия-иқтисод ишлари бўйича проректори, катта юрисконсульт, бошланғич Касаба уюшмаси қўмитаси тегишли тартибда кўриб чиқиб, розилик билдирган.

     Шу ўринда қуйидаги маълумотни келтириб ўтиш ўринлидир. СамДУ профессор-ўқитувчилари ва ишчи-ходимлари жами 2400 нафарни ташкил қилиб, шундан фақат 725 киши бир кунлик иш-ҳақини ўтказишга розилик берган. Қолган ходимларнинг ойлик маошидан мажбурий равишда пул ушлаб қолинмаган. Бу борадаги хатти-ҳаракатларда қонун бузилиши юз бермаган. Ҳеч ким мажбурий равишда ариза ёзганлиги бўйича шикоят қилмаган.

    Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати барча ОАВ учун очиқ. Нохолис ахборотлар тарқатиб, жамоатчиликни чалғитиш, мақсадга мувофиқ эмас. Ахборотларни чуқур ўрганиб, кейин оммага маълумот беришни тавсия этамиз. Бу борада ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

 

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати.