Кундалик шароитда товуқлар тухуми ва гўшти учун боқилади. Бунга кўра улар  ташқи кўриниши ва тузилиши билан бир-биридан фарқ қилади. Тухуми учун боқиладиган товуқлар кичкина, тез вояга етадиган, гўшти учун боқиладиганлари эса йирикроқ бўлиб, яхши ривожланади.  Маҳсулдор товуқ зотлари йилига 220-250 та, айримлари 365 тагача тухум қилади. Товуқ 5-6 ойликдан тухумга киради. Дастлабки тухуми 40-50 грамм атрофида, 1 ёшга яқинлашгач, 55-65 граммга етади. Товуқлар ўртача 10-12 йил умр кўради. 10 йилгача тухум қилиши мумкин. Саноат мақсадида тухум етиштириладиган хўжаликларда товуқлар тухумга киргандан кейин уларни фақат бир йил сақлаш иқтисодий фойда келтиради, чунки товуқнинг ёши ўтиб боргани сари тухум бериш маҳсулдорлиги ҳам камайиб боради. Фақат наслчилик хўжаликларида сермаҳсул товуқлар 2-3йилга қолдирилади. Қолган барча ҳолатларда 1 йилдан ортиқ сақлаш яхши натижа бермаслиги мумкин.  Товуқлар паррандахоналарда дон, сабзавот, минерал озиқалар, витамин ва бошқалар шу кани маҳсулотлар билан боқилади.

    Паррандачиликда товуқларнинг тухум бериш маҳсулдорлигини янада ошириш долзарб вазифадир. Бу борада Самарқанд давлат университети биология факультетида бир қатор тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Жумладан одам ва ҳайвонлар физиологияси ва биокимё кафедраси магистри Гўзал Нормуродова кафедра профессори Сафин Марис илмий раҳбарлигида “Тухумдор товуқларнинг рационини токовит препарати билан бойитишнинг физиологик ва маҳсулдорлик кўрсаткичларига таъсири” мавзусида илмий тадқиқот олиб боради.

Ирода Бекмуродова

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати ходими