СамДУ тадқиқотчилари Ҳисор тоғ тизмасида илмий изланишлар олиб бормоқда…

Самарқанд давлат университети Зоология кафедраси докторанти Муҳаммадтўйчи Раҳимов ва магистр Азиз Суннатуллаевларнинг илмий тадқиқот мавзулари Ҳисор тизмаси ва бевосита Ҳисор давлат қўриқхонаси билан боғлиқ. Шу йилнинг 11-13 июль кунлари улар, Бутунроссия ўсимликларни ҳимоя қилиш институти (Санкт-Петербург, Россия) катта илмий ходими, Ўрта ва Марказий Осиё визилдоқ қўнғизлари бўйича дунёдаги энг йирик олим Иля Игоревич Кабак ҳамда ЎзФА Зоология институти кичик илмий ходими, Хитой Фанлар академияси PhD тадқиқотчиси Шохрух Болқибоевлар билан биргаликда Ғарбий Ҳисордаги энг баланд чўққилардан бири бўлган Чимбой ёки Хўжа Қоровул номи билан аталадиган чўққида бўлиб, муҳим материаллар тўплади. Тадқиқотлар давомида Ҳисор тизмасининг Ўзбекистонга қарашли қисмида илк марта денгиз сатҳидан 3500-3800 метрга баландликдаги алп ўтлоқлари минтақасидан қаттиққанотлилар, иккиқанотлилар ва бошқа гуруҳ ҳашаротлар йиғилди.
- 14-16 июл кунлари Республикамиздаги энг йирик қўриқхона ҳисобланган Ҳисор қўриқхонасининг 4150 метр баландликгача бўлган Хўжақулбарс тоғлигида ҳам худди шу туркумларга оид материалларни йиғдик, - дейди Муҳаммадтўйчи Раҳимов. - Бундан ташқари қўриқхонанинг Ғилон бўлимида СамДУ Зоология кафедраси доцентлари Фазлиддин Ҳалимов, Жасур Қудратов, Зоология институти илмий ходимлари Дилшод Мусаев ва Шохруз Назаровлар иштирокида ҳам тадқиқотлар олиб борилди. Ушбу тадқиқотлар давомида қаттиққанотлилар, қандалалар, тенгқанотлилар ва бошқа ҳашаротлар шунингдек моллюскларга оид намуналар олдик.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.