Самарқанд давлат университети ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабга ўқишга кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди...

Ушбу мактабга ўқишга кириш учун қабул 7-синфдан бошланиб, аниқ фанларга 110 нафар, табиий фанларга эса 55 киши, жами 165 ўқувчи ҳужжат топширган. Имтиҳон ёзма шаклда бўлиб, 5 та савол учун 2 соат вақт ажратилган. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган 60 нафар ўқувчи ўқишга қабул қилинади.
Имтиҳонларни шаффофлигини таъминлаш мақсадида camera.samdu.uz платформаси орқали жонли эфирга узатилди. Бундан ташқари имтиҳон бўлган хона ташқарисида монитор жойлаштирилиб, ота-оналарга жараёнларни кузатиш имконият яратилди.
- Фарзандимнинг келажагини ўйлаб, Самарқанд давлат университети ҳузуридаги аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган мактабга ўқитишга қарор қилдик, - дейди Назира Холова. – Қизим имтиҳонларга астойдил тайёрланди. Ниятимиз холис. Имтиҳон қандай бўларкан деган хавотир бор эди. Мана, жараёнларни тўғридан-тўғри жонли кузатиб боряпмиз. Энди ташвишланмасам ҳам бўлади, ҳаммаси шаффоф ўтмоқда. Бунинг учун ташкилотчиларга миннатдорчилигимни билдираман. Барча талабгорларга омад!
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.