Техникум битирувчиларини Самарқанд давлат университетига ўқишга қабул қилиш учун имтиҳон бўлиб ўтди…

Самарқанд давлат университетига юриспруденция, дастурий инжинеринг, агрокимё ва агротупроқшунослик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, иссиқхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, кимёвий технология йўналиши бўйича техникумни муваффақиятли тугатган битирувчиларни ўқишга қабул қилиш бўйича имтиҳон ўтказилди.
Ушбу имтиҳон оғзаки суҳбат асосида бўлиб, профессор-ўқитувчилардан ташқари йирик корхона ва компанияларнинг соҳа вакиллари, илмий тадқиқот институтларнинг мутахассислари, Самарқанд вилояти адлия бошқармаси мутасаддилари иштирок этди. Имтиҳонда шаффофликни таъминлаш мақсадида camera.samdu.uz сайти орқали жонли эфирга узатилди.
- Жиззах вилояти кимё техникумида таҳсил олдим. Бугунги имтиҳон мен учун жуда эсда қоларли ва ҳаяжонли бўлди, - дейди абитуриент Шоҳрух Ўразматов. – Саволлар билан танишганлигим ва яхши тайёрланганлигим сабаб қийинчилик туғдирмади. Асосийси имтиҳон шаффоф ва адолатли тарзда ўтди. Мен Самарқанд давлат университети талаба бўлишимга ишонаман…
- Бухородан ташриф буюрдик. Қизим Бухоро шаҳар юридик техникумини тамомлади, - дейди талабгорнинг онаси Ойгул Бафоева. – Тўғриси, вазият қандай бўларкан, имтиҳон адолатли ўтарканми деган ташвиш бор эди. Мана имтиҳон жараёнларини онлайн кузатиб туриб, барчасининг гувоҳи бўлиб турибман. Эндиликда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Қизим, яхши тайёрланган, насиб қилса талабалик сафига қабул қилинади. Барча ташкилотчиларга миннатдорчилик билдираман…
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.
Шавкат Акрамов олган суратлар.