Самарқанд давлат университетида Ўзбекистондаги Huawei компанияси билан рақамли асрда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш соҳасида ҳамкорлик қилишга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.

    ШҲТ саммити арафасида Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Чен Сзякай Самарқанд давлат университетига ташриф буюриб, СамДУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Акмал Ахатов бошчилигида университет раҳбарияти билан учрашув ўтказди. Учрашувда СамДУ вакиллари олий таълим соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек, Хитой, Германия, Исроил, Испания, Италия, Туркия каби турли мамлакатларнинг компания ва университетлари билан эришилган халқаро ҳамкорлик муваффақиятлари ҳақида фикр алмашдилар.

    -Биз бугун ШҲТ саммити каби йирик минтақавий тадбирлардан бири арафасида Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбариятини Самарқандда кутиб олишдан мамнунмиз, - дейди СамДУ проректори Акмал Ахатов. – Самарқанд давлат университети узоқ йиллик тарихга эга бўлиб, доимий равишда инновациялар ва рақамли тараққиётга интилади. Huawei билан ҳамкорлик ёшларни АКТ технологияларини ўрганишга янада кўпроқ жалб этиш ва мамлакатнинг рақамли ишчи кучини мустаҳкамлаш учун муносиб ҳисса қўшишига ишонаман.

    -Мамлакатнинг рақамли экотизимини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини англаган ҳолда, биз кўпроқ АКТ соҳасида кадрлар тайёрлаш ва IT соҳасида янги билим олишга интилаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга ва рақамли кўникмаларини оширишга эътибор қаратишимиз керак. - дейди Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Чен Сзякай. - Бугун ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити арафасида Самарқанд давлат университетида бўлганимдан хурсандман. Бу ерда тадбирга тайёргарлик кўриш бўйича катта ишлар амалга оширилганлиги кўриниб турибди. Ўз навбатида биз ҳам маҳаллий алоқа операторлари билан ҳамкорликда бешинчи авлод тармоқларини ўрнатиш ва ишга туширишни кўриб чиқиб, шаҳарнинг рақамли ривожланишига ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Самарқанд давлат университети

Ахборот хизмати