Дунёнинг машҳур механик олимлари Самарқанд давлат университетида йиғилди…
Самарқанд давлат университетида "Механика муаммолари: тузилиши, материалшунослик ва трибология" номли халқаро конференция ўтказилмоқда.
Нуфузли анжуманда Германия, Буюк Британия, Россия, Хитой, Франция, Италия, Жанубий Корея, Туркия, Белорус, Дания, Болгария, Қозоғистон, Арманистон каби давлатдан 100 га яқин хорижлик олимлар иштирок этмоқда.
Конференция техник ва биологик тизимларни, уларнинг механик, трибологик ва материал жиҳатлари ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро таъсирини ҳисобга олган ҳолда кўп фанли тадқиқотларга бағишланган.
Халқаро анжуман Самарқанд давлат университети ва Германиянинг Берлин техника университети билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Э. Ким, Жанубий Кореянинг Ёнсей университети профессори:
- Самарқанд тарих ва замонавийликни ўзида мужаасам этган улуғвор шаҳар. Самарқандга илк бор келишим. Менга шаҳрингиз жуда ёқди. Самарқанд давлат университети бугунги конференцияга жуда яхши тайёргарлик кўрган. Анжуманга келишдан олдин СамДУ фаолияти билан қизиқдим. Айниқса, университет талабаларнинг Кореяда ўқиши, бир қатор кореялик тадқиқотчилар Самарқанд давлат университетида илмий ишлар қилиши мени қувонтирди. Бугун жуда қизиқ мавзулардаги маърузаларни эшитяпмиз. Бу соҳага оид илм-фаннинг янада ривожланишида муҳим қадамдир.
Варвара Романова, Россия Фанлар академияси профессори:
- Мазкур конференцияни Самарқанд давлат университетида ўтказиш анъанага айланди. Ўтган йил ҳам худди шу вақтда маросимга иштирок этиш учун келган эдим. Бу йилги тайёргарлик ҳам аъло даражада. Долзарб муаммоларга ечим бўладиган маърузаларни эшитяпмиз. Бу айниқса ёш тадқиқотчилар учун жуда муҳим. Дунё тан олган механик олимлар бугун Самарқанд давлат университетига йиғилди. Тадқиқотчилар мазкур тадбирдан фойдаланиб ўзлари учун керак бўлган мавзуни ва хориждан илмий раҳбар танлашлари имконига эга бўлишди.
Анжуман 4 шўбага бўлинган ҳолда 26 сентябргача ўз ишини давом эттиради.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.