Самарқанд давлат университети куни кенг нишонланди…
Самарқанд давлат университети ХV-ХVI асрларда – Амир Темур ва темурийлар даврида юртимизда рўй берган Иккинчи Ренессанснинг маҳсулидир. Бу олий таълим маскани ўз даврида дунёда тенги йўқ таълим, билим ва фан даргоҳи бўлмиш Улуғбек олий мадрасасининг ворисидир ва унда таълим берган, ўқиган, илмий тадқиқотлар олиб борган олим ва фузалолар халқимизнинг ҳамда инсониятнинг илмий-техник ва маданий-маърифий тараққиётига улкан ҳисса қўшган.
1420 йил 21 сентябрда Регистон майдонидаги муҳташам бинода Улуғбек мадрасасида машғулотлар жараёни бошланган эди. Бу қутлуғ сана Самарқанд давлат университети ташкил топган кундир. Шу сабабли 2021 йилдан бошлаб 21 сентябрь куни ҳар йили Самарқанд давлат университети куни сифатида халқаро миқёсда кенг нишонланади.
Бугун эрта тонгдан бошланган анжуман қизғин кечди. Университет хиёбони бўйлаб, маънавий-маърифий тадбирлар, турли хил кўргазмалар, интеллектуал ўйинлар бўлиб ўтди. Куй-қўшиқлар ижро этилиб, талаба ва ўқитувчиларга кайфият улашилди.
Куннинг иккинчи қисмида Самарқанд Ёшлар марказида университет кунига бағишлаб тантанали маросим ўтказилди. Дастлаб, Самарқанд вилоят мусиқали драма театри ижодкорлари томонидан Мирзо Улуғбек мадрасасидаги илк дарс жараёни акс этган саҳна кўриниши намойиш этилди.
Тантанали тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб, барчани қутлуғ сана билан самимий табриклади.
Анжуманда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Смита Пант, Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ҳусан Тўхтаев, Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова, Италиянинг Болонья университети ректори, профессор Говани Молари, Ҳиндистон Технология институти профессори Камал Кишоре Пант, Ҳиндистон Веллоре технология институти халқаро муносабатлар факультети декани, профессор Сед Ибраҳим, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Азизбек Насимовлар сўзга чиқиб, СамДУ ҳақида ўзининг фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбир иштирокчилари университет фаолиятига юқори баҳо бериб, халқаро ҳамкорлик алоқаларини алоҳида эътироф этди.
Санкт-Петербург Политехника университети ректори, профессор Андрей Рутской, Хитойнинг Чангчун фан ва технология университети проректори Фу ЮEГАН, Олтой давлат университети ректори, Сергей Бочаровларнинг қутловлари эшиттирилди.
Ундан сўнг Самарқанд давлат университети ва унинг ютуқлари акс этган видеофильм намойиш қилинди.
Анжуман давомида илм-фанда юқори натижаларга эришган, университетнинг халқаро нуфузини кўтаришда ўз ҳиссасини қўшган бир қатор профессор-ўқитувчилар ҳамда фан олимпиадаларида ва спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар университет ректорининг қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур ёшлар орасида СамДУ география ва экология факультети магистранти, “Париж-2024” ёзги Паралимпия ўйинлари иштирокчиси, пара-дзюдо бўйича Жаҳон ва Осиё чемпионати совриндори, “Шуҳрат” медали соҳиби Улжон Амриеванинг спортдаги ғалабалари ва матонати эътироф этилиб, университет ректори томонидан компьютер жамланамаси совға қилинди.
Тадбир якунида ижодкор талабалар томонидан куй-қўшиқлар ижро этилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.